Жаҳон | 14:59 / 08.01.2026
1073
3 дақиқада ўқилади

Днипрода Россия дронлари ҳужумида етти киши жабрланди

Россия учувчисиз аппаратларининг Днипр шаҳридаги турар жой мавзелари ва ижтимоий объектларга ҳужуми оқибатида етти киши, жумладан икки нафар бола яраланган. Маҳаллий ҳокимият уйлар, мактаблар ва боғчалар зарар кўрганини билдирди.

Фото: Telegram / borys_filatovv

6 январ, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг учувчисиз аппаратлари Днипро шаҳрига оммавий ҳужум қилгани оқибатида етти киши, жумладан икки нафар бола жабрланганини шаҳар мэри Борис Филатов маълум қилди. Зарба кўп қаватли уйлар, таълим муассасалари ва коммунал инфратузилма объектларига тўғри келган. Шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, ўндан ортиқ кўп қаватли уйларда ойна-ромлар синган.

Дронлар парчалари тушиши оқибатида иккита болалар боғчаси, бир мактаб ва касб-ҳунар мактаби жиддий шикастланган. Шунингдек, газ қувури ва бир нечта автомобил ёниб кетган. Барча ёнғинлар тезкор равишда ўчирилган.

Днипро вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Владислав Гайваненко ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари вилоят осмонида Россиянинг 27 та дронини уриб туширганини билдирди.

Днипродан ташқари, Синелников туманидаги Василков жамоати ҳам зарбага учраган — у ерда хусусий уй ёниб кетган. Бундан ташқари, Россия ҳарбийлари Никопил шаҳрига артиллериядан ўқ узган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълум қилишича, 6 январ кечқурундан бошлаб Россия ҳарбийлари Украинага 95 та “Шахед” ва “Гербера” туридаги дронлар билан ҳужум қилган. Уларнинг маълумотига кўра, 81 та дрон зарарсизлантирилган, 14 та ҳужумкор дроннинг саккизта локацияда нишонга теккани, шунингдек яна беш жойда дрон парчалари тушгани қайд этилган. Бундан ташқари, Украина бўйлаб битта “Искандер-М” ракета ҳам учирилган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз навбатида 6 январ кечқурундан бошлаб навбатчи ҲҲМ кучлари Украинага тегишли самолёт туридаги 34 та учувчисиз аппаратни “тутиб олгани ва йўқ қилгани”ни билдирди. Вазирлик маълумотига кўра, уларнинг аксарияти Қора денгиз акваторияси ва қўшиб олинган Қрим устидан уриб туширилган.

Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков зарбалардан бири Старий Осколдаги нефт базасига тўғри келганини айтди. Унинг сўзларига кўра, детонация натижасида бир нечта резервуар ёнган, ўт ўчирувчилар ҳозир ҳам ёнғинни бартараф этишда давом этмоқда.

Кейинроқ Гладков маълум қилишича, вилоятнинг бошқа аҳоли пунктлари ҳам дронлар ҳужумига учраган. Борисов округидаги Грузское қишлоғида дрон портлаши оқибатида бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид