Жаҳон | 11:54 / 20.10.2022
12406
5 дақиқада ўқилади

ОАВ: Хитой британиялик истеъфодаги ҳарбий учувчиларни оғдирмоқда

Британия ҳукумати истеъфодаги ҳарбий учувчилар Хитой армияси вакилларига устозлик қилаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотирда. Энди Британия бу амалиётнинг янада тарқалиши олдини олиш учун қонунчиликни кучайтирмоқчи.

Фото: Getty Images

Гап Британиянинг «Миллий хавфсизлик тўғрисида»ги қонуни ва унга айрим мамлакатлар ёки хорижий ташкилотларда ишлаётган шахсларга ўз фаолиятини рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайдиган ўзгартиришлар ҳақида бормоқда.

Британия Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Ҳарбий ҳаво кучларининг (ҲҲК) истеъфодаги 30 нафарга яқин учувчилари яқинда Хитой армиясидан даромадли таклиф олган ва ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Британияликларни ишга олиш жараёни учинчи мамлакат, хусусан, Жанубий Африкадаги парвозлар академияси орқали амалга оширилган.

«Одамларга жуда даромадли компенсация пакети таклиф қилинмоқда. Бу ерда пул асосий турткидир», деди исми сир қолишини сўраган ҳукумат вакили. Унинг сўзларига кўра, учувчиларга йилига 270 минг доллар маош тўлашни назарда тутувчи шартномалар таклиф қилинмоқда.

Мудофаа вазирлигидагилар фикрича, Хитой Британия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари учувчиларини таклиф қилиш орқали армиянинг иш услубини ўрганиш ва бошқа фойдали маълумотларни олишни мақсад қилган. Бу Хитой ва Тайван ўртасидаги эҳтимолий урушда асқатиши мумкин.

Ўтган йили Пентагон Хитой армиясини модернизация қилиш режалари ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Унда Хитой раҳбари Си Жинпинг 2035 йилгача ҳарбий соҳани модернизация қилишни ва 2049 йилда жаҳон даражасидаги армияга айлантиришни режалаштираётгани ҳақида хулоса бор эди.

Ғарб ҳукуматлари тахминига кўра, Британия ва бошқа мамлакатлардан учувчиларни ёллаш орқали Хитой бу мақсадга яқинлашмоқда.

«Бу учувчилардан жуда кўп нарсани ўрганиш мумкин, улар жуда фойдали одамлар гуруҳи. Улар Хитой ҳарбий ҳаво кучлари тактикаси ва имкониятларини яхшилашга ёрдам берадиган энг тажрибали учувчиларни ёлламоқда», деди ғарблик расмий.

Хитой таклифини қабул қилган учувчилар нафақат ҳарбий-ҳаво кучларида, балки қуролли кучларнинг бошқа қисмларида ҳам жанговар самолётлар ва вертолётларда учиш тажрибасига эга. Аммо сўнгги русумдаги F-35 қирувчи самолётларида эмас, гарчи Хитой айнан шундай мутахассисларга қизиқиш билдирса ҳам. Кўпгина учувчиларнинг ёши 50 дан ошган», дейди BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Гордон Корера.

Амалдаги қонун бузилмаган

Айни дамда собиқ ҳарбий учувчилар Хитой таклифини қабул қилиб, Британиянинг амалдаги қонунчилигини бузмаяпти, бироқ Буюк Британия ва Ғарбнинг бошқа давлатлари бунга қарши қўшимча чоралар кўришни режалаштирмоқда.

Британия ҳарбий разведкаси яқинда таҳдид ҳақидаги огоҳлантиришни эълон қилди – Хитой Халқ озодлик армияси ўз учувчиларига таълим бериши учун ҳарбий ҳаво кучларининг собиқ ва ҳозирги учувчиларини ёллашга ҳаракат қилмоқда. Бу схемалар Ғарб манфаатларига таҳдид солади, дейилади ҳисоботда.

Огоҳлантиришдан мақсад – хизматга алоқадор маълумотларни Хитой вакилларига ошкор қилиш мумкин эмаслигини британиялик учувчиларга эслатиш. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги вазиятни кузатиб бориши учун бундай шартномалар ҳақида идорани хабардор қилиш.

Айни дамда Мудофаа вазирлигида Хитой ҳарбийларига кўрсатмалар бераётган британиялик учувчилар давлат сири ҳақидаги қонунни бузганига оид ҳеч қандай далил йўқ.

Пентагон маълумотига кўра, Си Жинпинг Хитой қуролли кучларини 2049 йилгача жаҳон даражасидаги армияга айлантиришни режалаштирган
Фото: Reuters

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги вакиллари огоҳлантиришлар етарли эмаслиги ва миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидламоқда.

Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Ҳиппининг сўзларига кўра, учувчилар келажакда Хитойга сирларни ошкор қилмаслиги учун қонунни ўзгартириш керак.

«Ҳатто аллақачон нафақага чиққан бўлса ҳам, бирор киши хорижий давлатга, айниқса Буюк Британияга қарши чиқишга тайёр бўлган давлатга ишга кетишини ҳазм қила олмайман. Бу менинг ўз ватанимга хизмат қилиш ҳақидаги тушунчамга тўғри келмайди», деди Ҳиппи.

«Миллий хавфсизлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳозирда парламент қўмиталарида муҳокама қилиняпти.

Унга кўра, Буюк Британияда хорижий давлатлар манфаатлари йўлида сиёсий таъсир тарқатувчи шахслар 10 кун ичида ўз фаолият тури ва ким учун ишлаётганини рўйхатдан ўтказиши керак бўлади. Агар бунга амал қилмаса ёки нотўғри маълумот берса, улар жарима ёки икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Истиснолар – дипломатлар ва хорижий давлатларнинг расмий вакиллари.

Ўзгартиришларнинг қўшимча жиҳати шундаки, Ички ишлар вазирлигига муайян давлатлар ва хорижий субъектлар рўйхатини тузиш ҳуқуқи берилади. Агар уларнинг қўл остида ишловчи британияликлар рўйхатдан ўтмаса, парламент розилиги билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлади.

Бу меъёрлар Америкада 1938 йилда қабул қилинган FARA қонунига ўхшаб кетади. Бу меъёрлардан Россияда «хорижий агентлар» тўғрисидаги кенг қамровли камситувчи қонунни қабул қилишда ҳам намуна олинган.

Мавзуга оид