Жаҳон | 07:54 / 21.10.2022
7135
2 дақиқада ўқилади

Полша бош вазири Россия газини «Европа учун лаънат» деб атади

Матеуш Моравецкий Германияни олдинги энергия сиёсати учун кескин танқид қилди. У Украинадаги стратегик инфратузилмани бомбардимон қилгани учун Россияга қарши санкцияларни кенгайтиришга чақирди.

Фото: Getty Images

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Германияни ўтмишдаги энергетика сиёсати учун очиқчасига танқид қилди. «Германия иқтисодиёти учун назарий жиҳатдан арзон бўлган бу рус гази улар учун баракали бўлиши керак эди, лекин бу бутун Европа учун лаънатга айланди», деди Моравецкий 20 октябр, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммити чоғида.

Унга кўра, энди буни барча давлатлар кўриши мумкин. «Улар немис сиёсатининг, немис-рус сиёсатининг фиаскосини кўрмоқда», - деди Полша бош вазири. Шу билан бирга, у Украинага қарши уруш учун Москвага қарши санкцияларни кенгайтиришга чақирди. Россия учун Украинадаги стратегик инфратузилма ва тинч аҳолига зарба бериш оқибатлари бўлиши керак, дея тушунтирди Полша ҳукумати раҳбари.

Матеуш Моравецкий, шунингдек, Беларус, унинг сўзларига кўра, тобора Россия учун ҳарбий базага айланиб бораётганидан хавотир билдирди. Бу бутун Европа хавфсизлигига таҳдид солади, дея таъкидлади у ва Полша Болтиқбўйи давлатлари билан биргаликда Россияга қарши санкцияларни энергетика ва технология соҳаларига, хусусан, оммавий ахборот воситаларида фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналар экспорти учун ҳам жорий этишга чақираётганини билдирди.

Бундан ташқари, Полша ва Болтиқбўйи давлатлари – Эстония, Латвия ва Литва ҳам Россия билан атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни тўхтатишга, рус олмосларини импорт қилишни тақиқлашга ва Россия фуқароларига Европа иттифоқида кўчмас мулкни сотмасликка чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид