Ўзбекистон | 16:22 / 26.10.2022
10283
2 дақиқада ўқилади

Президент тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишмоқда

Бугун, 26 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида жойлашган тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф доирасида журналистлар Чилонзор туманида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳудудида жойлашган янги 87 ўринли юқори технологик хирургия биносида ҳам бўлди. 

Ҳозирги кунда марказда ўртача 870 нафар бемор даволанмоқда. Марказда беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти. Айни пайтда марказ Россия, Туркия, Австрия, Германия, Финландия, Жанубий Корея ҳамда Япония давлатлари билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган. 

Марказ раҳбари Дониёр Алимов муассасада ўрнатилган янги ускуналар тўғрисида шундай деди:

– Марказимизда мавжуд замонавий ускуналар сони сўнгги 5-6 йилда кескин кўпайтирилди. Ҳозир тез ва сифатли хизмат кўрсатиш учун бу каби имкониятлар бизга жуда ҳам зарур. Келгусида давлат раҳбари топшириғига кўра фақат Тошкентда эмас, марказнинг ҳудудлардаги 13 та филиалида ҳам замонавий ускуналар ўрнатилиши режалаштирилган. Замонавий ангиограф ёрдамида беморга шошилинч ташхис қўйиш билан бирга тезкор ва кичик инвазив операция қилиш, яъни кичик кесма ёрдамида қон томирларидаги турли амалиётларни амалга ошириш мумкин. Эътиборли жиҳати – бунда беморга наркоз берилмайди ва бутун жараён давомида бемор ва жарроҳлар суҳбатлашиб туришлари мумкин. Мониторда эса беморнинг барча тиббий кўрсаткичлари акс этиб туради.

Марказда 27 нафар тиббиёт фанлари доктори, 51 нафар тиббиёт фанлари номзоди фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти хорижда малака ошириб келган. Бу ҳам, албатта, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишга туртки бўлади, – деди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мавзуга оид