Жаҳон | 13:46 / 27.10.2022
9274
3 дақиқада ўқилади

БМТ юристи Россиянинг дронлар бўйича текширув ҳақидаги даъволарини рад этди

БМТ бош юристи Мигел де Серпа Суарес Москванинг БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Украинага Эрон учувчисиз учоқларининг Россияга етказиб берилишини текшириш учун БМТ экспертларини юборишга ҳаққи йўқлиги ҳақидаги даъволарини рад этди.

Фото: Getty Images

БМТ бош котибининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари Мигел де Серпа Суарес 26 октябр, чоршанба куни Москванинг ташкилот раҳбари Антониу Гутерриш гўёки Украинага БМТ экспертларини Эрон дронларининг Россия Федерациясига етказиб берилишини текшириш учун жўнатиш «мандати йўқлиги» ҳақидаги даъволарини рад этди. Мутахассислар Россия армияси томонидан Украина ҳудудига отилган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган учувчисиз учоқларни текшириши режалаштирилган. 

Ушбу тергов Гутерришнинг Хавфсизлик Кенгашига Эрон бўйича ҳисоботини тайёрлаш доирасида олиб борилиши режалаштирилган. Бош котиб бу ҳисоботни йилига икки марта – одатда июнь ва декабрь ойларида – Хавфсизлик Кенгашининг 2015 йилда Эрон ядровий келишувига оид резолюциясига мувофиқ тайёрлайди. Кейинги ҳисоботда Эроннинг Россияга учувчисиз учоқлар етказиб беришига оид тахминларни киритиш режалаштирилган. Бу бундай турдаги биринчи ҳолат эмас: масалан, 2017 йилда БМТ экспертлари ҳисобот учун Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан Саудия Арабистони ҳудудига отилган ракета парчаларини ўрганиб чиқди.

«Хавфсизлик Кенгашидан бошқа кўрсатмалар бўлмаса, бош котиб ушбу ҳисоботларни ҳозиргача тайёрлаган тарзда тайёрлашда давом этади», деди де Серпа Суарес. Хавфсизлик Кенгашининг ғарб аъзолари Россиянинг Гутерришга янги кўрсатмалар беришга бўлган ҳар қандай уринишларига тўсқинлик қилиши мумкин.

БМТ бош юристининг сўзлари Россиянинг ўша куни, 26 октябрда тақдим этилган сўровидан сўнг янгради. Россиянинг бутунжаҳон ташкилотидаги вакили Василий Небензя АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Францияни Гутерришга Эрон учувчисиз учоқларини Россияга етказиб бериш масаласини текширишга чақирувчи хатлар йўллаб, БМТ низомини бузганликда айблади. Бу мактублар ҳақида 22 октябрь куни маълум бўлди.

«Котибият фақат алоқа органи сифатида хизмат қилади», - деб жавоб берди Хавфсизлик Кенгаши. «Бош котибнинг ҳисоботида шундай хатлар келиб тушганлиги акс этиши мумкин», дейилади маълумотда. 

Небензя, агар БМТ Украинадаги дронларни текширса, Россия ташкилот билан ҳамкорликни «қайта кўриб чиқиши» мумкинлигини айтди. Эрон Россияга учувчисиз учоқлар етказиб берилишини рад этяпти, Кремль бу маълумотга тўғридан тўғри изоҳ бермаяпти. Айни пайтда, Вашингтоннинг фикрича, Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудига учувчисиз учоқлардан зарбалар бериб, россияликларга техник ёрдам кўрсатганида эронлик инструкторлар Қримда бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид