21:45 / 28.10.2022
25221

Гордон Ўзбекистонда Эрон дронлари ишлаб чиқарилиши ҳақида айтганида хато қилганини тан олди

У аслида Тожикистонни назарда тутганини маълум қилди ва Украинани қўллаб-қувватлаган ўзбекларга миннатдорчилик билдирди.

Фото: В гостях у Гордона / Youtube

Ўзбекистонда Эрон дронлари ишлаб чиқарилаётганини айтиб шов-шувларга сабаб бўлган украиналик журналист Дмитрий Гордон навбатдаги эфири вақтида ўзбекистонликларнинг эътирозларига муносабат билдириб, маълумот беришда хатога йўл қўйганини тан олди

«Аслида мен Ўзбекистонни эмас, Тожикистонни назарда тутгандим. Фақат тилимдан Ўзбекистон сўзи чиқиб кетди.

Ўзбекистонда чиндан ҳам дронлар ишлаб чиқариладиган завод борлиги маълум, аммо у Эрон билан қандайдир алоқадорлиги маълум эмас.

Шунинг учун мен Тожикистонни назарда тутгандим. Мен ҳозир буни яна бир бор такрорламоқчиман. Мен Тожикистонда эронликлар томонидан дрон ишлаб чиқарилаётганини таъкидлайман. Россияликлар ушбу дронлар билан украиналикларни ўлдирмоқда.

Мен истардимки, агар гапим хато бўлса, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги буни рад этсин», деди Гордон.

У оғир кунларда Украинани қўллаб-қувватлаган ўзбекларга миннатдорчилик билдирди.

«Яна бир бор такрорлайман, Ўзбекистонга келадиган бўлсак, бу давлатнинг обрўсига умуман соя солмоқчи эмасман. Шу жумладан, ўзбекларга, Ўзбекистон фуқароларига ҳам. Уларни чин дилдан ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Бу меҳмондўстлиги, меҳрибонлиги билан машҳур бўлган ўлка.

Бу ўлка Иккинчи жаҳон уруши даврида кўплаб украиналикларга бошпана берган. Яна бир бор айтаман, Эрон дронларининг ишлаб чиқарилишига Ўзбекистоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Муҳтарам ўзбекистонликлар, ҳозир фашистлар Россияси ҳужуми оқибатида Украина бошига тушган фожиага бефарқ бўлмаганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Қўллаб-қувватлагингиз учун, қалбингиз украиналиклар қалби билан бир маромда ураётгани учун миннатдорчилик билдираман», деган у.

Дмитрий Гордон 26 октябр куни Исроилда яшовчи собиқ россиялик миллиардер Леонид Невзлин билан суҳбатда Ўзбекистондаги заводда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётгани ва бу дронлар Украинага ҳужум қилаётган Россияга етказиб берилаётганини айтганди. 

Ўзбекистон медиасферасида бу мавзу қизғин муҳокама қилинди ва эътирозлар билдирилди. Ўзбекистон расмийлари ҳам тезлик билан реакция қилишди, дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров буни туҳмат деб атади ва Гордон узр сўрашини талаб қилди.

Кейинроқ Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги Эрон дронлари Ўзбекистонда йиғилиши ҳақида тарқалган хабарларни ёлғон деб атади. Хусусан, вазирлик Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилишини билдирди.

Top