АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Жон Кирбининг сўзларига кўра, Москва ва Теҳрон бир-бирига бемисл даражада ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда.

Август ойида АҚШ разведкаси Теҳрон Москвага Украинадаги нишонларга зарба бериш учун камикадзе-дронлар етказиб бераётганини маълум қилганди.

Аввалига Россия ҳам, Эрон ҳам бу маълумотни қатъиян рад этди, аммо кўп ўтмай Украина ҳудудлари ва объектлари Эроннинг Shahed-131 ва Shahed-136 дронлари зарбаларига учрай бошлади.

Шу билан бирга, Исроилдагилар Россия ва Эрон ўртасида ҳарбий соҳадаги яқиндан ҳамкорлик анча аввалроқ бошланганини айтишганди.

Хусусан, исроиллик кўплаб сиёсатчилар Эрон Россия технологияси ва мутахассислари ёрдамида ўз ядровий дастурини ривожлантираётганига амин.

Россия ва Эрон президентлари Владимир Путин ва Иброҳим Раисий шу йил июлида учрашган, августда эса АҚШ разведкаси Эрон дронлари етказиб берилиши бошланганини хабар қилганди. Фото: Getty Images 

«Россиянинг ҳарбий ҳомийси»

Ҳозирда гап камикадзе дронларни биргаликда ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда, Жон Кирбининг сўзларига кўра, бу Украинага, Эроннинг минтақадаги қўшниларига ва бутун халқаро ҳамжамиятга катта зарар келтиради.

Шу кунларда АҚШ Эрон билан келишувга алоқадор бўлган қатор россияликларга нисбатан қўшимча санкциялар жорий этгани маълум бўлди.

Кирбининг сўзларига кўра, Shahed дронлари эвазига Россия Эронга илғор ҳарбий компонентлар, жумладан вертолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тақдим этишга тайёр.

«Россия Эрон билан қуроллар ишлаб чиқариш ва [улардан фойдаланишга] ўргатиш соҳаларида ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Эрон Россиянинг асосий ҳарбий ҳомийсига айланди», - деган Кирби.

У минглаб украинлар ҳалок бўлаётгани, миллионлаб кишилар электр ва иссиқликсиз қолаётганига Эроннинг ҳаракатлари ҳам сабабчи эканини таъкидлаган.