Украиналик журналист Дмитрий Гордон Исроилда яшовчи собиқ россиялик миллиардер Леонид Невзлин билан суҳбатда Ўзбекистондаги заводда Эрон билан ҳамкорликда ҳарбий дронлар йиғилаётганини иддао қилди. Бу дронлар Украинага ҳужум қилаётган Россияга етказиб берилиши айтилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров буни туҳмат деб атаб, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликларидан буни расман рад этишни сўради.
«Эрон ҳарбий дронлари Россияга етказиб берилишидан олдин Ироқ ва Ўзбекистондаги ҳарбий заводларда йиғилади. Ҳозир ер-ер типидаги ракеталарни ҳам етказиб беришга уринмоқда ёки аллақачон етказиб берилмоқда. Бу энди алоҳида янгилик.
Яқинда Эрон армиясининг икки ҳарбийси – полковник ва генерал ўлдирилди. Улар Эронда дронларни ишлаб чиқаришга масъуллардан бўлгани айтилмоқда. Бунақа нарсалар тасодифан бўлмайди», деган Невзлин 26 октябр куни эълон қилинган интервьюда.
Гордон Исроил дронлар ишлаб чиқарилаётган ва йиғилаётган Эрон, Ироқ ва Ўзбекистондаги заводларга зарба бериши эҳтимоли бўйича савол берган.
«Мен Ўзбекистон ҳақида бирор нима дея олмайман. Чунки у [Ўзбекистон] нейтрал ва дўст давлат. Мен билмайман, Исроил у ерда дрон йиғилаётганини биладими, умид қиламанки билади. Улар учун Исроил ва Америка томонидан ультиматум қўйилишининг ўзи етарли бўлади. Ва улар буни тўхтатади.
Ироқ ва Сурия ҳудудларига келадиган бўлсак, Исроил бу ҳудудларга ҳеч қандай шубҳасиз ракета зарбалари беришга тайёр бўлиши мумкин. Эрон ҳудудида бўлмаган бошқа қурол омборлари ва бошқаларга ҳам», - деган собиқ россиялик миллиардер.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, депутат Алишер Қодиров бундай маълумотни эътиборсиз қолдирмаслик кераклиги ҳамда Ўзбекистон Россия агрессиясини ҳеч қандай шаклда қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.
«Бу асоссиз ва масъулиятсиз эълонни эътиборсиз қолдирмаслик керак.
















