Жаҳон | 15:26 / 28.10.2022
9735
3 дақиқада ўқилади

Тадқиқот: Россияликларнинг фаровонлиги санкциялар туфайли пасайиб кетди

DIW ва IfW институтлари ўтказган тадқиқотга кўра, Ғарб томонидан Қримни аннексия қилгани учун Россияга қарши жорий қилинган санкциялар унинг савдодан келадиган даромадининг сезиларли даражада қисқаришига ва аҳоли турмуш даражасининг пасайишига олиб келди.

Фото: Getty Images

Бирор давлатга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкциялар, ҳатто Хитой каби йирик давлатлар унда иштирок этмаса ҳам, у учун катта йўқотишларга олиб келади. Бу хулоса 28 октябр, жума куни чоп этилган Германия Иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW) ва Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) томонидан ўтказилган қўшма тадқиқот натижаларида келтирилган. Уларнинг экспертлари 2014 йилда Украинанинг Қрим яриморолини аннексия қилгани учун Россияга нисбатан қўлланилган жазо чоралари, шунингдек, 2012 йилда Эронга нисбатан жорий қилинган санкциялар оқибатларини таҳлил қилди.

Тадқиқотга кўра, Қримга нисбатан санкциялар қабул қилинганидан кейин Россия экспорти ҳажми 36 фоизга, импорти эса 30 фоизга қисқарган. Натижада Россиянинг савдодан тушган даромади 10 фоизга, мамлакат аҳолисининг фаровонлик даражаси эса 1,5 фоизга камайди. Эрон мисолида, иқтисодий чекловлар экспортнинг 41 фоизга ва импортнинг 83 фоизга қисқаришига олиб келди. Шу билан бирга, эронликларнинг фаровонлик даражаси 1,7 фоизга, Теҳроннинг савдодан тушган даромади эса 12 фоизга камайди. Ҳужжатда айтилишича, мамлакат бойлиги ўзгаришининг энг машҳур ва энг кўп қўлланиладиган ўлчови унинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳисобланади. 

IfW Савдо сиёсати тадқиқот маркази ходими, тадқиқот ҳаммуаллифи Юлиан Хинцнинг сўзларига кўра, асосий хулосалардан бири шундаки, санкцияга дучор бўлган мамлакатнинг, ҳатто барча йирик иқтисодий ўйинчилар қўшилмаган бўлса ҳам, фаровонлиги сезиларли даражада йўқолади. «Глобал коалицияда муҳим давлатлар бўлмаса ҳам (санкция қўйган давлатлар), қолганларнинг қўшма санкциялари жазоланган давлатни сезиларли даражада заифлаштириши мумкин», деб таъкидлади Хинц. 

Тадқиқотчилар симуляция моделидан фойдаланиб, қайси давлатлар санкциялар самарадорлигини уларга қўшилиш орқали сезиларли даражада оширишга қодирлигини ўрганишди. Россия мисолида булар Хитой, Вьетнам, Беларус, Туркия ва Жанубий Корея бўлди. Эрон иқтисодиётига, ўз навбатида, Ғарб санкцияларини Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Сингапур ва Бразилия томонидан қўллаб-қувватланиши сезиларли даражада таъсир қилади. 

Бундан ташқари, экспертлар санкцияларда иштирок этаётган қайси давлатларнинг ўзлари фаровонлик нуқтайи назаридан зарар кўрганини аниқладилар. Шу тариқа, Литва, Латвия, Эстония ва Украина Россияга қарши жазо чораларидан юқори иқтисодий босимни бошдан кечирдилар. Мутлақ маънода бу санкциялар Германия, Полша ва Украинага энг оғир таъсир қилди. АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада ва Австралия мутлақ кўрсаткичларда энг арзимас иқтисодий йўқотишларга дуч келди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид