Ўзбекистон | 20:07 / 31.10.2022
8430
4 дақиқада ўқилади

Давлат дастури бўйича бажарилмаган вазифалар кўриб чиқилди

Фото: Юксалиш

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳузурида Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришилганлик даражасини баҳолаб бориш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат йиллик муқобил ҳисоботлар тайёрлаб борувчи Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган. 31 октябр куни Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 9 ойлик ижроси бўйича тайёрланган муқобил ҳисоботнинг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди.

Тайёрланган ҳисоботга кўра, Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, унда 671 та вазифани амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Шундан, 2022 йилнинг 1 октябрь ҳолатига Давлат дастурининг 210 та банди бўйича 342 та вазифа амалга оширилиши кўзда тутилган. Белгиланган 258 та вазифа ижроси таъминланган бўлиб, шундан 27 та вазифа ижроси муддатидан олдин бажарилган.

Ижобий ўзгаришлар билан биргаликда Давлат дастури ижроси ўз вақтида таъминланмаган бандлари ҳам мавжуд. Жумладан, Давлат дастурида 2 та банд бўйича вазифалар бажарилмаган:

286-бандга мувофиқ тажриба тариқасида «Янги Ангрен ИЭС» АЖнинг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станция ўрнатилмаган (муддат 2022 йил сентябр, масъул Давлат экология қўмитаси).

320-банд бўйича коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни клиник олди синовларидан ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган (муддат 2022 йил март, масъул Инновацион ривожланиш вазирлиги).

Шунингдек, Давлат дастури ижроси бўйича бир қатор вазифалар юзасидан кўзда тутилган қонунчилик ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлса-да, бугунги кунда кўриб чиқиш жараёнида бўлгани боис, мазкур вазифалар ҳам тўлиқ бажарилмаган.

Жумладан, ижро муддати келган (ўтган) 58 та банд бўйича 91 та вазифа юзасидан норматив ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган ва кўриб чиқиш ёки қабул қилиш учун тегишли идораларга киритилган бўлиб, қабул қилинмасдан турибди (ижрога қаратилмаган).

Давлат дастурининг 150-бандига мувофиқ, Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бўлиб, уларнинг ижроси бўйича ҳам мониторинг олиб борилмоқда. Мазкур ҳудудий дастурлар ижроси бўйича қатор бажарилмаган вазифалар мавжуд.

Жумладан, Жиззах вилоятида 20 та, Навоийда 13 та, Қашқадарёда 13 та, Наманганда 12 та, Бухорода    11 та, Қорақалпоғистонда 8 та, Сирдарёда 8 та, Тошкент вилоятида 8 та, Андижонда 7 та, Сурхондарёда 7 та, Хоразмда 6 та, Тошкент шаҳрида 4 та, Фарғонада 4, Самарқандда 2 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

Тадбир сўнгида Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳи томонидан Давлат дастури ижроси доимий мониторинг қилиб борилиши ва ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Мавзуга оид