Жаҳон | 09:59 / 31.10.2022
30512
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда кўприк қулаши: 141 киши ҳалок бўлган

Ҳиндистон ғарбидаги Гужарот штатида кўприк қулаши оқибатида 141 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар сони ошиши мумкин: ҳозирча кўплар бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Кўприк узоқ давом этган таъмирлаш ишларидан кейин қайта очилганди.

Фото: Getty Images

BBC’нинг Жанубий Осиё бўйича мухбири Йогита Лимайе хабар беришича, душанба тонгига келиб 141 кишининг ўлими тасдиқланган.

Полиция ҳисобларига кўра, 170 киши қутқарилган, 15 киши шифохонага ётқизилган.

Қурбонларнинг кўпчилиги таътил вақтида ҳиндларнинг асосий байрамларидан бири Дивалини нишонлаш учун ота-оналари билан келган болалардир.

Морби шаҳридаги Мачху дарёси узра ўтган кўприк ярим йил давом этган таъмирлаш ишлари якунланиб, қайта очилганидан бир неча кун ўтгач қулаб тушди. Маҳаллий расмийларга кўра, кўприк қулаши вақтида унда тахминан 500 киши бўлган. Натижада кўприк илиниб турган трослар узилиб кетган ва одамлар дарёга қулаган.

Қутқарувчилар тун бўйи омон қолганларни ва қурбонларнинг жасадларини қидиришди. Фото: AFP

Кўприк қулагач олинган кадрларда ўнлаб кишилар тросслар ва конструкция қолдиқларига осилиб турганини кўриш мумкин. Айримлар конструкция бўлакларига чиқиб олиб, соҳилгача сузиб боришга уринган.

Осма кўприк сайёҳлар орасида машҳур эди. 230 метр узунликдаги қурилма XIX асрда Британия бошқаруви вақтида қурилган.

Айни вақтда ўз она ватани Гужарот шаҳрида уч кунлик ташриф билан бўлиб турган Нарендра Моди штат бош вазирига зудлик билан қутқарув амалиёти учун жамоаларни тайёрлашни буюрган.

Моди фожиадан чуқур қайғуда эканини айтган. У жабрланувчиларга ва қурбонларнинг яқинларига товон пули тўлаб берилишини маълум қилган.

Кўприкдаги фожиа Гужаротда йил охирига белгиланган сайловлар арафасида содир бўлди.

Модининг ҳукмрон партиясининг ҳозирги ваколатлари 2023 йил февралида якунланади.

Мавзуга оид