Жаҳон | 19:01 / 01.11.2022
12024
2 дақиқада ўқилади

2022 йилни тавсифлайдиган энг асосий сўз маълум қилинди

Collins English Dictionary луғати 2022 йилнинг энг асосий сўзи «пермаинқироз» эканини эълон қилди.

Фото: Reuters

Британиянинг Collins English Dictionary луғати 2022 йилнинг энг асосий сўзи «пермаинқироз» (permacrisis) эканини маълум қилди. У permanent crisis (перманент инқироз) сўзлари бирикмасидан иборат.

Луғатнинг тушунтиришича, «пермаинқироз» беқарорликнинг узоқ даври ва бехатарлик ҳиссининг йўқлигини англатади.

Муаллифлар фикрига кўра, бу сўз билан пандемия, об-ҳаво шароитининг оғир келиши, Украинадаги можаро, 2022 йилдаги бошқа даҳшатли воқеаларни изоҳлаш мумкин.

«Пермаинқироз» 2022 йилга таъриф беришда ишлатилиши мумкин бўлган 10 та сўз орасидан танлаб олинган.

Рўйхатга «патигейт» («partygate», Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг 2020 йилда, пандемия давридаги локдаунда ташкил этган зиёфатлари билан боғлиқ можаро), «Киев», «илиқ маскан» («warm bank», энергия қиймати ошиб бораётган шароитда, қишда исиниб олиш мумкин бўлган оммавий бино), «тинчгина кетиш» («quiet quitting», карьеризмдан воз кечиш ва иш вақтидан ташқари меҳнат билан шуғулланмаслик), «узала тушиб ётмоқ» («splooting», иссиқ ҳавода қўл-оёқни узатиб, салқин жойда ётиш), «спортни ювиш» («sportswashing», ўз обрўсини яхшилаш ёки сиёсатидан чалғитиш мақсадида спорт мусобақаларидан фойдаланиш, Қатардаги жаҳон чемпионатидан олдин долзарб) ва бошқа сўзлар киритилган.

Рўйхатни тузувчилар ушбу сўзлар ҳозирги вақтда дунёнинг ҳолатини англатишини таъкидламоқда.

Бир йил олдин Collins English Dictionary луғати NFT (non-fungible token, алмаштириб бўлмайдиган токен) аббревиатурасини 2021 йилнинг энг асосий сўзи деб эълон қилган эди.