Ўзбекистон | 20:16 / 02.11.2022
14601
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон — ўртача ойлик иш ҳақи бўйича Марказий Осиёда учинчи 

Марказий Осиёнинг бешта давлатида иш ҳақи таққослаб кўрилганида, Ўзбекистоннинг учинчи ўринда экани маълум бўлди. 

2022 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,72 миллион сўмни (335 доллар) ташкил этди. 

2021 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 24,9 фоизга тенг бўлди, деб хабар берди Давлат статистика қўмитаси. 

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи (кейинги ўринларда - ўртача иш ҳақи) таркибига қўшимча тўловлар, рағбатлантириш тўловлари, компенсация тўловлари ва ишламаган соатлар учун тўловлар, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва касаба уюшма фондига ажратмалар ҳам киради. 

Давлат статистика қўмитаси унинг миқдорини ҳисоблаш учун турли соҳалардаги 3 миллиондан ортиқ ишчиларнинг маълумотларидан фойдаланган. 

Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда учинчи ўринда турибди. 

1. Қозоғистон – 650 $

2. Туркманистон – 383 $

3. Ўзбекистон – 335 $

4. Қирғизистон – 279 $

5. Тожикистон – 159 $ 

Таққослаш учун, Россияда бу кўрсаткич 828 $. 

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россияда ўртача ойлик номинал иш ҳақи миқдори (реал иш ҳақи инфляцияни ҳисобга олган ҳолда аниқланади) доимий ўзгариб туради. 

Рейтингни тузишда Тожикистон бўйича август ойи охири, Ўзбекистон бўйича сентябр охири, бошқа мамлакатлар учун йилнинг биринчи ярмидаги маълумотлар ҳисобга олинган.

Мавзуга оид