Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Alisa, Siri’га ўхшаш ўзбекча гапирадиган ақлли ёрдамчи ишлаб чиқиляпти
Ҳозирча лойиҳа ўзбек тилида сўзловчи кишиларнинг овозини йиғмоқда. Ўзбекча гапираётган киши овозини тушуниши учун сунъий идрокка етарлича овозли маълумотлар керак бўлади.
Alisa, Siri каби овозли ёрдамчиларнинг ўзбек тилида гапирадиган муқобили яратилмаган. Бу ишни дастурчи Бахтиёр Ҳасанов йўлга қўймоқда, деб хабар бермоқда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев. У тайёрлаётган дастур ҳозир овоз йиғиш жараёнида. Дастурга қанча кўп ўзбекча гапирувчи кишиларнинг овозлари юкланса, ақлли ёрдамчи шунча тез тушуниб, жавоб қайтариши мумкин бўлади.
Яхши ишлайдиган овозли ёрдамчини яратиш учун камида 10 минг соат овозли маълумот керак бўлади. Бунинг учун @UzbekVoiceBot’дан рўйхатдан ўтиб, овозли хабар қолдириш керак.
Иштирок этувчи унга берилган гапларни ўқиб, жўнатиши керак. Агар матн ичида хатолик бўлса, буни ботдаги грамматик хато тугмасини босиб, билдириши мумкин. Тиниш белгилари ўқилмайди. Қисқартмалар қандай ёзилган бўлса, шундай ўқилади.
Овозлар адабий тилда бўлиши шарт эмас. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўз шеваси ва талаффузи бор. Овоз юборувчининг шахсий маълумотлари турли манфаат йўлларида фойдаланилмайди.
Шунингдек, бошқа иштирокчилар ўқиган овозларни текшириб, тўғри ёки хатолигини билдириш ҳам мумкин. Овоз ўқиган ва овоз текширган иштирокчиларга балл берилиб борилади ва улар охирида тақдирланадилар.