Ўзбекистон | 08:33 / 05.11.2022
4519
2 дақиқада ўқилади

Хитой Украинада ядро қуролидан фойдаланишдан тийилишга чақирди

Хитой раҳбари Си Жинпинг Евросиёда ядровий инқирознинг олдини олиш кераклигини айтди. У Россия ва Украинани эҳтиёткор бўлишга ва музокараларга қайтишга чақирди.

Фото: Getty Images

Россиянинг Украинага қарши уруши фонида ХХР раиси Си Жинпинг ядро қуролидан фойдаланиш ва қўллаш билан таҳдид қилишдан тийилишга чақирди. «Жаҳон ҳамжамияти Евросиёда ядро қуролидан фойдаланиш ва ядро урушлари олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида қайғуриши керак», — деди у 4 ноябрь, жума куни Пекинда Германия канцлери Олаф Шолц билан музокаралар чоғида.

«Евросиёда ядровий инқирознинг олдини олиш керак. Можаро томонлари эҳтиёткорлик, вазминлик кўрсатиши ва музокараларни қайта бошлаш учун шароит яратиши лозим. Жаҳон ҳамжамияти Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошириши керак. Шу билан бирга, вақт ўтиши билан ядро қуролидан фойдаланиш ёки ундан фойдаланиш таҳдиди рад этилиши шарт», - дея Си Жинпинг сўзларини келтиради Хитой Ташқи ишлар вазирлиги.

ХХР раҳбари Хитой Германия ва Европанинг тинчлик музокараларини ўтказиш ва Европада барқарор хавфсизлик архитектурасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Шу билан бирга, Си Жинпинг яна бир бор стратегик ҳамкори - Россияни бевосита танқид қилишдан тийилди.

Хитой-Германия муносабатлари ҳақида тўхталиб, Си Жинпинг томонлар мулоқотга риоя қилишлари, бир-бирларининг позициялари ва асосий манфаатларини ўзаро ҳурмат қилишлари ва «блоклар қарама-қаршилигидан келиб чиқадиган тўсиқларга биргаликда қарши туришлари» кераклигини таъкидлади. «Сиёсий ишончни йўқ қилиш осон, лекин уни қайта тиклаш осон эмас», — деди Си Жинпинг.

Шу муносабат билан Хитой раҳбари Германия собиқ канцлери Ҳелмут Шмидтнинг сиёсатчилар ўзлари ўзгартира олмайдиган нарсаларни қабул қилишда хотиржамлик, ўзгартириш мумкин бўлган нарсани ўзгартириш учун жасорат, биринчиси ва иккинчисини фарқлай билиш донолигига эга бўлиши керак, деган сўзларини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид