Жаҳон | 08:39 / 08.11.2022
10238
4 дақиқада ўқилади

Россияда армия ҳақидаги «фейклар» бўйича иккинчи жиноий иш тугатилди

Мактаб ўқувчиси Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олиш чоғида рус қўшинлари тинч аҳолига қарата ўқ узгани ҳақидаги баёнотини қайта жойлаштиргани учун таъқибга учраган.

Фото: pravda.com.ua

Новосибирск марказий туман суди ўн биринчи синф ўқувчиси Евгений Фокинга нисбатан қўзғатилган Россия қўшинларининг ҳаракатларига оид «қасддан ёлғон маълумот тарқатиш» бўйича жиноий ишни тугатди. Суд сайтида 7 ноябрь, душанба куни хабар қилинганидек, иш терговчи илтимосига кўра тугатилган, Фокинга эса, унинг илтимосига кўра, «тарбиявий таъсир кўрсатишга мажбурлаш» чораси тайинланган. "Сетевые свободы" лойиҳасининг ёзишича, ўсмир 7 декабргача ота-она назорати остида бўлиши шарт.

Евгений Фокинга нисбатан жиноий иш апрель ойида шаҳар Telegram чатларидан биридаги хабари туфайли қўзғатилган эди. Мактаб ўқувчиси Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг Россия қўшинлари Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олиш вақтида тинч аҳолига қарата ўқ узгани ҳақидаги баёнотини қайта жойлаштирган. Тергов Фокин «фейклар» тарқатганини даъво қилди, аммо ўсмир адвокатининг лингвистик экспертиза натижалари ҳақидаги баёнотига кўра, у фақат баёнотнинг ўзини муҳокама қилишга чақирган ва унинг ҳақиқийлигини тасдиқламаган.

Евгений Фокин Россия Жиноят кодексининг 207.3-моддаси бўйича жиноий иш тугатилган иккинчи айбланувчи бўлди. У 2022 йил 4 мартда Россия қонунчилигига киритилган ҳамда Россия қўшинлари ва давлат идораларининг ҳаракатлари ҳақидаги «ёлғон маълумотлар» тарқалишига қарши курашга қаратилган. Октябрь ойи ўрталарига келиб, у бўйича камида 194 жиноий иш очилган. Умуман олганда, жорий йил бошидан бери Россия судлари норозилик намойишлари ва урушга қарши баёнотлар туфайли россияликларга қарши 19 мингдан ортиқ ишни кўриб чиқди.

Биринчи марта ушбу модда бўйича айблов октябрь ойи охирида тўхтатилди - айбланувчи ижтимоий тармоқларда рус қўшинлари томонидан Бучада содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақидаги пости Россия Мудофаа вазирлиги бу масала бўйича расмий изоҳ бериши ҳамда унда айбловларни рад этишидан олдин эълон қилинганини исботлашга муваффақ бўлди. 

Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ҳақидаги энг шов-шувли ҳукмлардан бири Москванинг Красноселский тумани муниципал депутати Алексей Горинов иши бўйича суд қарори бўлди. Суд уни депутатлар кенгаши йиғилишида сиёсатчининг урушга қарши айтган сўзлари учун етти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, «фейклар» ҳақидаги модда пайдо бўлган пайтданоқ ҳам мухолифатчиларга қарши репрессив механизм сифатида фойдаланилган. Шундай қилиб, «фейк»ларнинг тарқалиши ўша пайтда давлатга хиёнатда айбланган сиёсатчи Владимир Кара-Мурзанинг ҳибсга олинишига расмий сабабларидан бири бўлди.

Бир қатор сиёсатчилар ва фаоллар «фейклар» тўғрисидаги модда бўйича таъқиблар туфайли Россияни тарк этишди. Айни пайтда, Россия Тергов қўмитаси Россиядан ташқарида бўлганларга нисбатан фейкларни тарқатиш бўйича ишларни очмоқда. Сўнгги ана шундай ҳолатлардан бири "Медиазона" асосчиси Пётр Верзиловга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўлиб, у ижтимоий тармоқлардаги постлари туфайли Россия хавфсизлик кучлари томонидан халқаро қидирувга берилган. Бундан ташқари, июль ойидан бери Россия тергови сиёсатчи Илья Яшинни ҳибсда ушлаб турибди, у «фейклар тарқатиш» учун ўн йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид