Жаҳон | 21:06 / 25.05.2026
3466
2 дақиқада ўқилади

Путин россияликлар ҳимояси учун хорижда армиядан фойдаланишга рухсат берувчи қонунни имзолади

Россия президенти Владимир Путин чет эл судлари томонидан ҳибсга олинган ёки таъқиб қилинган тақдирда, Россия фуқароларини чет элда ҳимоя қилиш учун Россия Қуролли Кучларини жалб этишга рухсат берувчи федерал қонунни имзолади.

Фото: Михаил Климентьев/РИА Новости

Ҳужжат «Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида»ги ва «Мудофаа тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритади. Қонунга кўра, президент қуйидаги идоралар томонидан ҳибсга олинган, ушланган ёки жиноий (ёки бошқа) таъқибга учраган фуқароларни ҳимоя қилиш учун Россия ташқарисидаги ҳарбий тузилмалардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади:

  • Россия иштирокисиз қарор чиқарган хорижий судлар;

  • Ваколати Россия билан тузилган халқаро шартномага ёки БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциясига асосланмаган халқаро суд органлари.

Қонун нисбатан тезкор қабул қилинди: 2026 йил март ойида ҳукумат томонидан Давлат Думасига киритилди, 13 май куни Давлат Думаси томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди, 20 май куни Федерация Кенгаши томонидан маъқулланди, 25 май куни президент томонидан имзоланди.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида таъкидланишича, янги норма россияликларнинг чет элдаги «сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинишдан» ҳимоя қилишга қаратилган.

Кремль ва парламент ташаббусни ватандошларни ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси деб атамоқда. Мамлакат ичидаги ва хориждаги танқидчилар қонунни ташқи сиёсий босимнинг қўшимча воситаси ва экстерриториал операциялар учун эҳтимолий ҳуқуқий асос сифатида кўрмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, амалиётда НАТО мамлакатларида ёки кучли хавфсизлик тизимига эга бўлган аксарият давлатларда армиянинг ҳақиқий жанговар қўлланилиши эҳтимоли жуда кам ва жиддий халқаро можароларга олиб келиши мумкин. Қонун кўпроқ рамзий ва сиёсий-ҳуқуқий характерга эга.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 10 кун ўтгач кучга киради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид