Ўзбекистон | 14:45 / 10.11.2022
2737
2 дақиқада ўқилади

Лондон Украинага яна 1000 та «ер-ҳаво» синфидаги ракеталарни етказиб беради

Украинага ракеталарни етказиб бериш мамлакат инфратузилмасини Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради, деди мудофаа вазири Лондонда. Улар қанотли ракеталарни ҳам, дронларни ҳам уриб туширишга қодир.

Фото: AP

Буюк Британия Украинага яна 1000 га яқин «ер-ҳаво» синфидаги ракеталар ва уларни учириш учун мосламалар етказиб беради, деб маълум қилди Британия мудофаа вазири Бен Уоллес 9 ноябрь, чоршанба куни. Улар Россиянинг қанотли ракеталарини ҳам, дронларини ҳам уриб туширишга қодир.

«Яна юзлаб «ер-ҳаво» ракеталарининг топширилиши Украинанинг Россия агрессиясидан мудофаасини қўллаб-қувватлашимизни давом эттиради ва Украинага (Россия) муҳим миллий инфратузилмага ноқонуний ҳужумлари таҳдидига қарши туришга ёрдам беради», — дея Уоллеснинг сўзларидан иқтибос келтирган Буюк Британия ҳукумати веб-сайти. 

Шу куни мудофаа вазири Буюк Британия ва ҳамкор мамлакатлардан келган инструкторлар 7400 дан ортиқ украиналик аскарни тайёрлаётган иккита ўқув марказига ташриф буюрди. Уоллесга НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ва Буюк Британия билан биргаликда Бирлашган экспедиция кучлари (JEF)ни ташкил этган Дания, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Эстония мудофаа вазирлари ҳамроҳлик қилди. 

Октябрь ойида Россия Украина ҳудудини оммавий ўққа тута бошлади. 1 ноябрь куни президент Зеленский ушбу зарбалар натижасида мамлакат энергетика инфратузилмасининг 40 фоизга яқини зарар кўрганини айтди. Киев нафақат G7 давлатларидан, балки Исроилдан ҳам ракетага қарши мудофаа тизимини мустаҳкамлашда ёрдам сўрамоқда. 

Ғарб давлатларидан бундай етказиб бериш аллақачон бошланган: 11 октябрь куни Германия Украинага биринчи IRIS-T зенит тизимини топширганлиги маълум бўлди, унинг ракеталари самолётлар, вертолётлар ва ракеталарни 40 кмгача масофада ва 20 кмгача баландликда уриб туширишга қодир. 7 ноябрь куни эса Украина мудофаа вазири Олексий Резников мамлакатга NASAMS ва Aspide ҳаво мудофаа тизимлари етиб келганини, бу эса «Украина осмонини хавфсизроқ қилишини» айтди. Шу билан бирга у Норвегия, Испания ва АҚШга миннатдорчилик билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид