09:41 / 10.11.2022
3727

Қозоғистоннинг янги элчиси Ўзбекистонда ўз вазифасини бажаришга киришди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қозоғистоннинг янги тайинланган элчиси Бейбут Атамқуловни қабул қилди.

Фото: Dunyo

Учрашув вазирга элчининг ишонч ёрлиқлари нусхаларини тақдим этиш маросими билан бошланди. Вазир элчини лавозимга киришгани билан табриклади ва касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилди. Томонлар режалаштирилган ташрифлар ва қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, Қозоғистон делегациясининг Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилотининг бўлажак саммити, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви, “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” барқарор ўзаро алоқадорлик бўйича биринчи минтақавий конференциядаги иштироки юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзаро савдо жадал ривожланаётгани қайд этилди. Томонларнинг савдо айланмасини янада ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўришга тайёрлиги маълум қилинди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш тарафдори экани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг ноябрь ойида Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Бейбут Атамқулов Қозоғистоннинг таниқли давлат арбоби. У 58 ёшда, бир қатор хорижий мамлакатларда бош консул ва элчи бўлган. У вазир лавозимларида, шу жумладан 2018-2019 йилларда – ташқи ишлар вазири бўлиб фаолият юритган. Ўзбекистонга тайинланишидан олдин у саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири бўлган.

Бейбут Атамқулов август ойида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига ҳоким этиб тайинланган Дархан Сатибалди ўрнини эгаллади.

Top