Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ваколатимиз доираси чегараланган” – “Тадбиркор аёл” ассоциацияси раиси
Ишбилармон аёллар бугун нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида, балки инновациялар, юқори технологиялар, креатив индустрияда ҳам муваффақият қозонмоқда. Ўзбекистонда тадбиркорлар орасида хотин-қизлар салмоғи ортиб боряпти. Бунда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон аёллар ассоциациясининг ҳиссаси катта. Ташкилот раиси Гулнора Маҳмудова Kun.uz билан суҳбатда ассоциациянинг фаолияти, тадбиркор аёлларни қийнаётган муаммолар ҳақида фикрларини билдирди.
— “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташкил этилганига 31 йил бўлди. Ташкилот ўз олдига қўйган вазифаларни уддалай оляптими?
— Ташкилот мамлакат мустақиллигининг илк йилида уч-тўрт аёлнинг ташаббуси билан ташкил этилган. Ўтиш даврида, яъни мустақиллик йилларида бозор иқтисодиёти қоидаларини аёлларга бироз тушунтириш, уларни даромад топишга ўргатиш ташкилотнинг ўша пайтдаги асосий мақсади бўлган. 31 йил бу кичик муддат эмас. Бу даврда “Тадбиркор аёл” ассоциацияси катта тажриба йиғди. Бу тажрибага асосан салоҳиятимизни тўлиқ ишлатишга бизга, албатта, кўпроқ шароит керак. Мана шу давр мобайнида ҳукумат олдимизга қўяётган вазифаларни тўлиқроқ ва самаралироқ бажаришимиз учун кўпроқ меҳнат қилишга бел боғлаганмиз. Лекин шундай вазиятлар борки, ўзимизнинг ваколатимиздан чиқа олмаймиз. Мана шу нарса бизга бироз халақит беради.
— Ташкилот қаердан молиялаштирилади? 1 йиллик жами харажатлари қанча?
— Бу кўпчилик учун қизиқ. Ҳақиқатда ким билан гаплашсам, ассоциациянинг катта молиялаштириш асоси бор, деб ўйлашади. Аслида биз ўзимизнинг ташкилотни ўзимиз молиялаштиришга ҳаракат қиламиз. Яъни кўплаб халқаро ташкилотларга мурожаат қиламиз, ҳамкорларимиз билан ишлашга интиламиз. Ҳозирда “Тадбиркор аёл” ассоциациясининг энг катта ютуқларидан бири бу халқаро ташкилотлар ва ҳукуматимизнинг бизга бўлган ишончидир. Биз бирор лойиҳани муваффақиятли бажармасак, кейинги лойиҳаларда ҳамкорларнинг ишончини оқлай олмаган бўламиз. Айнан шунинг учун барча лойиҳаларни сифатли бажаришга ҳаракат қиламиз. Мана шунданми, ҳамкорларимиз, донор ташкилотлар бизга кўпроқ эътибор беришади.
— Ассоциациянинг жамият ва давлат ривожи учун аҳамияти ҳақида гапирсангиз, айтайлик шу ташкилотни йўқ деб ҳисобласак жамият нима йўқотади?
— Кўп нарса йўқотади. Чунки “Тадбиркор аёл” ассоциацияси аёлларимиз учун ниҳоятда керакли ташкилот. Кўп йиллар давомида аёллар билан яқиндан мулоқот ўрнатишга, уларни бирлаштиришга ҳаракат қилдик. Бу осон бўлмади. Бизга бўлган ишончни йиллаб йиғдик. Албатта, аёллар ўзларининг имкониятларини, интилишларини реализация қилишга мана шундай бир ташкилотлар керак.
— Kun.uz сайти кўплаб аёл тадбиркорларнинг муаммоларини кўтаради, жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш орқали муаммо ҳал бўлган ҳолатлар жуда кўп. Лекин шундай пайтларда ассоциациянинг фаоллигини сира кузатмаганмиз. Айтинг-чи, нега шундай?

— Афсуски, бизнинг ваколатимиз доираси чегараланган. Агар биз давлат ташкилоти бўлганимизда, бошқа давлат ташкилотларига мурожаат қилиб у ёки бу аъзоларимизнинг муаммоларини осонгина ҳал қилиб берган бўлардик. Шунинг учун қайта-қайта айтаманки, ваколатимизни кенгайтириш керак. 31 йил давомида ўзининг фаолиятини бир кунга ҳам тўхтатмаган ва давлат бюджетидан тўғридан тўғри молиялаштирилмаган, кўп минг сонли аёлларнинг ишончини оқлаган ташкилотга кўп валолат бериш керак, деб ўйлайман.
— Биргина водий вилоятларининг ўзида 100 минг аёл хорижда миграцияда экани айтилди. Сизнингча бу рақам нимани англатади? Аёллар миграциясининг ортишида Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясининг ҳам айби бор деб ўйлайсизми?
— Биз хотин-қизларни республикамизда ушлаб қола олмай, уларга етарли шароитларни яратиб бера олмаяпмизми, демак, ҳаммамиз айбдормиз. Ҳаммамизнинг масъулиятимиз бор. Айнан шунинг учун жорий йилда чет элларда сарсон бўлиб юрган хотин-қизларни республикамизнинг ўзида тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган лойиҳани амалга оширдик. Мазкур лойиҳани амалга ошириш осон бўлмади, аёллардаги жуда кўп психологик тўсиқларни енгишга тўғри келди. Улар бизга ўқишнинг нима кераги бор, деган саволларни берган. Биз уларга мана шу олган билими ортидан даромад келтирадиган фаолият келишини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Олдин аёллар тортинишган ёки уларнинг олдида қандайдир тўсиқлар бўлган бўлса, ҳозир ўзлари шу лойиҳадан хабар топиб, унга интилишмоқда. Чунки биз лойиҳада аёлларга нафақат назарий билим, қолаверса, кейин уларга грантлар ҳам берамиз. Озгина капитал аёлларни руҳлантиради.
— Яқин кунларда Аёллар тадбиркорлиги ҳафталиги-2022 ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу тадбирдан қандай натижалар кутяпсиз?
— Мана бир неча йилдирки, 19 ноябрь – Халқаро аёллар тадбиркорлиги кунига бағишлаб “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ташаббуси билан анъанавий тарзда Аёллар бизнес ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Бу йил олтинчи марта ўтказиладиган ҳафталик IT-индустрия соҳасида аёллар бизнесини ривожлантиришга кўмаклашиш ва аёллар дуч келаётган қийинчиликларни енгиб ўтишда ёрдам берадиган турли масалаларга бағишланади. Бу тадбир фақат Тошкент шаҳрида эмас, республикамизнинг турли ҳудудларида ўтади. Қорақалпоғистон мисолида айтадиган бўлсам, Нукусда ажойиб инновацион лойиҳа, яъни “Қорақалпоқ этно-овул” сайёҳлик йўналиши тақдимоти бўлади. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтираётган ва қийнаётган масалалар юзасидан бевосита маърузачилар билан мулоқот қиладилар. Ҳар бир таклиф ва муаммо давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари томонидан кўриб чиқилади.
Бахтиёр Тўхтаев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
10:26 / 03.07.2024
Ўзбекистонда 6 ойда қанча оила яраштирилгани маълум қилинди
16:50 / 24.06.2024
Сенат раиси “Раҳбар аёллар мактаби” тингловчилари билан учрашди
10:42 / 02.06.2024
Хотин-қизларни энг кўп ишга олган 10 та корхона маълум қилинди
20:21 / 23.05.2024