Жаҳон | 07:45 / 15.11.2022
5797
2 дақиқада ўқилади

БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Украинага товон тўлашига асос яратди

БМТ Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари сессияси иштирокчилари Украинага етказилган зарар ва йўқотишларни қоплаш механизмларини яратиш зарурлигини кўрсатувчи резолюцияни қўллаб-қувватлади.

Фото: Dreamstime

Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг фавқулодда сессияси иштирокчилари Украинага қарши бошланган урушдан жабр кўрганларга Россия томонидан товон тўлаш механизми тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. 14 ноябрь, душанба куни Россия, жумладан, товон тўлаш йўли билан жавобгарликка тортиладиган ҳужжат учун 94 давлат овоз берди, 14 давлат қарши чиқди, 73 давлат бетараф қолди. Қарши чиққанлар, Россиядан ташқари, Хитой, Эрон ва Кубани ўз ичига олган. Қозоғистон, Сербия, Бразилия ва Ҳиндистон бетараф қолди.

Қарор муаллифлари Россиянинг «ноқонуний ҳаракатлари» натижасида Украинага етказилган зарар, йўқотиш ёки тан жароҳатини қоплаш механизмларини яратиш зарурлигига ишора қилмоқда. Бундан ташқари, улар Бош ассамблея аъзоларига Киев билан ҳамкорликда даъволарни ҳужжатлаштириш, украиналиклар ва уларнинг давлатига етказилган зарар ҳамда йўқотишлар ҳақида маълумот тўплаш учун «халқаро реестр» яратишни тавсия қилади.

Бу БМТ Бош ассамблеясининг Россиянинг Украинага қарши урушини қораловчи бешинчи резолюциясидир. Қолганлари билан таққослаганда, уни БМТнинг энг кам сонли давлатлари қўллаб-қувватлади. Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош ассамблеясининг резолюциялари қонуний кучга эга эмас, балки халқаро ҳамжамият фикрини акс эттиради ва сиёсий аҳамиятга эга.

Мавзуга оид