Жаҳон | 09:56 / 15.11.2022
9267
4 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга қарши санкциялар қўллаш қоидаларига аниқлик киритди

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия қайси ҳолларда россиялик бенефициарлар билан ҳамкорлик санкцияларга олиб келмаслиги кераклигига аниқлик киритди.

Фото: Shutterstock

Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан Россия ҳукумати ва у билан боғлиқ шахслар ҳамда компанияларга нисбатан жорий этилган санкциялар агросаноат сектори эмас, балки Россия ҳарбий саноатига алоқадор бўлиши керак, шунинг учун глобал ташкилотлар Россия компаниялари билан бу соҳада ҳамкорлик қилиши мумкин. 14 ноябрь, душанба куни Европа Иттифоқи Дипломатик хизмати сайтида иттифоқчи давлатларнинг санкциялар қўллаш ҳолатлари бўйича тушунтиришлар берилган қўшма баёноти эълон қилинди.

Россиянинг Украинага ҳарбий ҳаракатлари иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемияси туфайли дунё дуч келаётган ўткир озиқ-овқат муаммоларини янада кучайтирди, дейилади баёнотда. Бунинг оқибатлари миллионлаб одамлар озиқ-овқат таъминотидан азият чекаётган ривожланаётган мамлакатларда ҳам, Ғарб давлатларида ҳам сезилмоқда.

Россияга қўйилган санкциялар фуқаролик секторига эмас, балки ҳарбий соҳага таъсир қилиши керак, шунинг учун иттифоқчи давлатлар чеклов чораларини қўллаш билан боғлиқ масалалар бўйича ички кўрсатмалар ва тушунтиришларни нашр этди. Улар «банклар, суғуртачилар, юк жўнатувчилар ва бошқа ташкилотлар дунёни Россия озиқ-овқат ва ўғитлари билан таъминлашда давом этиши мумкинлигини» тушунишга ёрдам бериши лозим, деб ёзади баёнот муаллифлари - Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Жозеп Боррел, АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.

Дипломатлар «глобал ҳамкорлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи юридик шахслар, субъектлар ва идораларни» ҳамма учун озиқ-овқат мавжудлигини оширишга ҳамда Украина ва Россиядан агросаноат сектори товарлари ва ресурсларини етказиб беришни ташкил этишга чақирмоқда.

Баёнот муаллифлари Украина портларидан Қора денгиз орқали ғалла экспорт қилиш ташаббусида иштирок этаётган барча давлатларни «ғалла битими»ни қўллаб-қувватлашга ва «ўз фаолияти кўламини кенгайтиришга», шунингдек, ғаллани сақлаш муддатини узайтиришга чақирди.

Россия июль ойидаги ғалла бўйича келишувнинг бажарилишини шубҳа остига қўйган ягона иштирокчи бўлди. Октябрь ойи охирида Россия ҳукумати келишувдан воз кечди, чунки Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, Британия назорати остида амалга оширилган «ғалла коридори» ёрдамида Россия ҳарбий кемаларига Украина томонидан ҳужум уюштирилган. Бироқ, келишувдан чиқиш тўғрисида эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач, Украина ва Россия тўғридан тўғри шартнома тузмаган бўлишига қарамай, Россия Киевдан тажовуз қилмаслик кафолатлари олганига асосланиб, унга қайтди. 

Қора денгиз ғалла ташаббусидан қисқа муддатли чиқишдан сўнг Кремль келишувнинг кейинги тақдири «алоҳида» муҳокама қилинишини айтди – келишув 19 ноябрда тугайди, бироқ Россия томони уни узайтириш бўйича ўз позициясини аниқлаштирмади. 

15-16 ноябрь кунлари Балида (Индонезия) бўлиб ўтадиган G20 саммитида бу масала муҳокама қилиниши кутилмоқда. АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой етакчиси Си Жинпинг ўртасидаги биринчи учрашув туфайли аллақачон муҳим воқеага айланган конференцияда Россиядан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этмоқда - Россия президенти Владимир Путин аввалроқ саммитда иштирок этишдан бош тортган эди.

Мавзуга оид