Жаҳон | 13:23 / 17.11.2022
8637
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Германиядаги ҳарбий контингентини кучайтиради

Келгуси ўн йил ичида Қўшма Штатлар Ансбахдаги Америка гарнизонига тахминан 1,6 миллиард доллар сармоя киритади ва у ерда яна 500 нафар аскарни жойлаштиради, деб хабар қилди Бавария давлат канцелярияси.

Фото: Getty Images

Бавария ҳукуматига кўра, АҚШ армияси Ансбахда ўз иштирокини кенгайтирмоқда. Американинг шаҳардаги базасида доимий равишда яна 500 нафар ҳарбий хизматчи, шунингдек, уларнинг оила аъзолари – жами 1000 дан ортиқ киши жойлашади, деди ҳудуд бўйича бош вазир идораси (давлат канцелярияси) 16 ноябрь, чоршанба куни. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар 2032 йилгача Иллесхаймдаги базани ўз ичига олган Ансбахдаги Америка гарнизонига тахминан 1,6 миллиард доллар (1,5 миллиард евро) сармоя киритишни режалаштирмоқда, дейилади баёнотда. 

Давлат канцелярияси раҳбари Флориан Ҳерманн бу ниятларни олқишлади. «Бавария АҚШ армиясининг фахрли ҳамкори», деди у. Ҳерманн АҚШ президенти Жо Байден Мадриддаги НАТО саммитида Европага кўпроқ АҚШ қўшинларини жойлаштириш тўғрисида эълон қилганидан кейин тез ҳаракат қилганини трансатлантик хавфсизлик бўйича ҳамкорлик учун «қимматли сигнал» деб атади. 

«АҚШ ўз қўшинларининг мавжудлигини кўпайтираётгани ва биз биргаликда НАТОнинг шарқий қанотига куч ва бирлик сигналини юбораётганимиз Германия ва Европанинг хавфсизлик архитектураси учун жуда муҳим», деди Бавария ҳукумати вакили. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид