Жаҳон | 11:52 / 24.11.2022
5200
3 дақиқада ўқилади

Косово ва Сербия автомобил рақамлари бўйича келишмовчиликни ҳал қилди

Белград Косово шаҳар кодлари билан автомобиль рақамларини беришни тўхтатади, Приштина эса Сербия рақамлари билан автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказишга уринишларни бас қилади, деди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.

Фото: Getty Images

Косово ва Сербия можаронинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун Сербия автомобиль рақамлари масаласида келишувга эришди. «Европа Иттифоқи воситачилигида Косово ва Сербия бош музокарачилари янада кескинлашувнинг олдини оладиган ва ўзаро муносабатларни нормаллаштириш таклифига тўлиқ эътибор қаратадиган чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олганликларини эълон қилишдан мамнунман», — деб ёзди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 23 ноябрь, чоршанба куни кечқурун Twitter микроблогида.

Келишувга кўра, Белград Косово шаҳар кодлари бўлган давлат рақамларини беришни тўхтатади, Приштина эса ўз навбатида Сербия рақамларига эга автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказишга уринишларни бас қилади. Боррелнинг сўзларига кўра, яқин кунларда томонлар Германия ва Франция воситачилигида муносабатларни нормаллаштириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилади. 

Сербия ва Косово ўртасидаги можаро июль ойининг охирида, Приштина Сербия фуқаролари киришда олишлари керак бўлган вақтинчалик ҳужжатларни жорий этишга қарор қилганда, шунингдек, серб озчилигидан ўзларининг эски серб рақамларини маҳаллий рақамларга ўзгартиришни талаб қилганда яна авж олди. Косово серблари норозилик сифатида баррикадалар ўрнатдилар, шундан сўнг Приштина ҳукумати янги қоидаларни жорий этишни кейинга қолдирди. 

2008 йилда Косово Республикаси бир томонлама равишда Сербиядан мустақиллигини эълон қилди. Уни Европанинг кўплаб давлатлари, жумладан, Германия, шунингдек, АҚШ ҳам тан олган. Белград Косовони ўзининг автоном вилояти деб билади ва Приштина мустақиллигини тан олмайди. Сербиянинг позициясини Россия, постсовет ҳудудидаги аксарият давлатлар, шунингдек, Европа Иттифоқининг бешта давлати, Хитой ва Ҳиндистон қўллаб-қувватлайди. 

Сербия Европа Иттифоқига киришга интилади ва шу муносабат билан Косово билан муносабатларни нормаллаштириш мажбуриятини олди. 2013 йилдан бери Белград ва Приштина муносабатларни Европа Иттифоқи воситачилигида ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Россия Косовонинг БМТга киришига тўсқинлик қилмоқда. 

Мавзуга оид