Жаҳон | 16:22 / 25.11.2022
2742
2 дақиқада ўқилади

Швецияда Россия фойдасига жосусликда айбланган икки ака-ука судга тортилди

Икки эркак Швеция разведкаси ва хавфсизлик хизматларига қарши фаолиятда айбланмоқда. Улар 2021 йилда ҳибсга олинган ва ўзларига қўйилган барча айбловларни рад этяпти.

Фото: AP

Швецияда 25 ноябрь, жума куни Россия фойдасига жосусликда айбланган икки ака-ука судга тортилди. Прокуратура вакилларининг таъкидлашича, 42 ва 35 ёшли икки эркак Швеция разведка ва хавфсизлик хизматларига қарши қаратилган ҳаракатларда айбланмоқда. Улар 2021 йилда ҳибсга олинган ва ўзларига қўйилган барча айбловларни рад этяпти.

Иш материалларига кўра, ака-ука ўн йил давомида Россия ҳарбий разведкаси - «ГРУ»га махфий маълумотларни узатган. Ака-укаларнинг каттасига ҳам махфий маълумотларни рухсатсиз ишлатиш айблови қўйилган.

Адвокат Антон Странднинг айтишича, унинг мижози ҳамон айбловларни рад этяпти. «У Швеция ҳукуматида турли лавозимларда ишлаган ва ўта оғир шароитда ўз вазифаларини виждонан бажариш учун ҳар доим бор кучини сарфлаган», — деди Странд. Бошқа эркакнинг адвокатидан изоҳлар ҳали олинмаган.

Суд жараёни асосан ёпиқ эшиклар ортида ўтади. У камида 12 декабргача давом этади.

Шу ҳафта Швеция полицияси яна икки кишини жосусликда гумон қилиб қўлга олди. Улардан бири Швеция ва бошқа давлатга қарши қаратилган ноқонуний разведка фаолиятида гумон қилинмоқда. Полиция ҳибсга олинганлар қайси давлат фуқароси эканлиги ва кимга ишлаганига аниқлик киритмади.

Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатида халқаро кескинлик кучайган бир пайтда ўнлаб йиллар давомида бетараф бўлиб келган Швеция тез орада НАТОга аъзо бўлишга умид қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид