22:40 / 25.11.2022
29912

“Яраштирилганидан эртасига эр хотинини бўғиб ўлдирган” — Сайёра Хўжаева рақамлар ортидан қувмасликка чақирди

Оилада зўравонликка учраган ўзбек аёллари “уят бўлади” деб буни сир тутади, то ўлдириб қўймагунча... Масъуллар эса статистикани яхшилайман деб эр-хотинни яраштиришга уринади, дейди Сайёра Хўжаева. Унинг айтишича, Ўзбекистонда зўравонлик бўйича ишларнинг атиги 7 фоизи судгача етиб боради.

25 ноябр – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш куни. Шу муносабат билан Тошкентда халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Болгария, Қирғизистон каби мамлакатлардан халқаро экспертлар ва меҳмонлар иштирок этди.

Эътиборлиси, бу масалага масъул бўлган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Сенатнинг Гендер тенглик масалалари қўмитасидан бирор вакил келмади. Конференция модератори, халқаро эксперт Лола Саидова Kun.uz билан суҳбатда бу жуда ҳайратланарли ҳол эканини айтди.

“Бу конференцияга жуда кўпчиликни таклиф қилган эдик – Гендер комиссияси аъзолари, Сенат аъзолари, депутатлар, Хотин-қизлар қўмитасидан мутасаддилар келиши керак эди. Хотин-қизлар қўмитасидан бирорта масъул ходим келгани йўқ ҳатто. Бу жуда ҳайратланарли ҳол.

Конференцияда аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича муаммоларимиз, оғриқли нуқталаримиз кўплиги ҳақида гапирдик. Ҳар куни аёллар жабр кўраётгани сир эмас”, – дейди Саидова.

Лола Саидова

Шу ўринда, сўнгги бир ойнинг ичида Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг айрим мисолларини санаб ўтамиз:

  • Сирдарёда эркак хотинини ғишт билан уриб ўлдирди.
  • Бухоролик 22 ёшли йигит хотини ва 5 ёшли ўғлини ўлдириб, ёқиб юборди
  • Жиззахда аёл маст эри томонидан уриб ўлдирилди.
  • Фарғонада 38 ёшли аёлга эри болта билан оғир тан жароҳати етказди.
  • Яна Фарғонада яқинда кўзи ёриган келиннинг жасади сувдан топилди.
  • Тошкентда Қашқадарёдан келган аёл эри ва қайнотаси томонидан зўрлик билан автомобилга босиб олиб кетилди.

Ўзбекистон Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг айтишича, ушбу ҳолатларда камдан кам ишлар судгача етиб бормоқда.

Сайёра Хўжаева

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, аёлларга нисбатан қотилликларнинг 38 фоизи уларнинг партнёрлари томонидан содир этилади. Ўзбекистонда эса зўравонлик бўйича ишларнинг атиги 7 фоизи судгача етиб борар экан. Бу жудаям кам, чунки аҳолимизнинг менталитети шунақа, “уят бўлади”... То ўлдирмагунча йўқ-да, албатта ўлдириб, кейин қутулади.

Ҳар қандай зўравонликка учраган аёлнинг биринчи бўлиб мурожаат қила оладиган жойи бўлиши керак. Хотин-қизлар қўмитаси ишлаётганини айтяпти, лекин тўғриси рақамлар бизни хурсанд қилмайди.

Институтимизда маҳалла фаоллари билан ишлашга урғу қаратмоқчимиз. Чунки тадқиқотлар кўрсатяптики, аёллар ҳимояга муҳтож бўлганда биринчи бўлиб мелисага эмас, маҳаллага чиқар экан. Маҳалла эса статистикани яхши қиламан деб, яраштираман деб, хато ҳам қилади. Фактларни биламан; яраштирилгандан кейин эртасига эр хотинини бўғиб ўлдирган, иккита бола етим қолган.

Яраштиришда ҳам ўйлаб иш қилиш керак. Агар бу оилада соғлом муҳит бўлмаса, эркак зўравон бўлса, буни кўриб ўсаётган болаларга салбий таъсир қилса, яна битта зўравон тарбияланса – бу оилани сақлаб қолишдан фойда йўқ”, – деди Сайёра Хўжаева.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликларга чек қўйиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар сони талайгина.

Top