Ўзбекистон | 17:31 / 26.11.2022
32333
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи тайинланди

Президентнинг тегишли фармони билан Акмал Маҳмудалиев зиммасига Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажариш юклатилди.

ЎзА хабарига кўра, президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур фармон матни ўқиб эшиттирилган ва янги ҳоким жамоага таништирилган. 

Акмал Маҳмудалиев кўп йиллар давлат идораларида меҳнат қилиб, катта тажриба тўплаган. 

У Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими, Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими, Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунга қадар Турсинхон Худайбергенов маслаҳатчи эди) ҳамда президентнинг давлат хизмати масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунгача вакант эди) лавозимлари тугатилиб, уларнинг негизида янги лавозим – президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилганди. Президент фармони билан ушбу лавозимга Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Ғофур Мирзаев тайинланди. Шу муносабат билан у Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Президент администрацияси раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилади. Сардор Умрзоқовнинг ёрдамчилари бевосита ўзлари бириктирилган ҳудудларда ишлайди ва администрациянинг ҳудудлар билан тўғридан тўғри алоқасини таъминлайди.

Мавзуга оид