Ўзбекистон | 14:55 / 28.11.2022
23396
5 дақиқада ўқилади

“Бу – фожиа”. Онколог – сотиб юборилаётган касалхоналар ҳақида

“Онкология шифохоналарига бориб кўринг, қанчадан қанча навбат. Ётиб даволанишга ойлаб кутиш керак, чунки ўринлар кам. Шундоғам етишмаётган ўринлар шифохоналар сотилганидан кейин яна юзтага қисқаради. Саратон эса жой бўшашини кутиб турадиган касаллик эмас”.

Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги учта онкологик шифохонани сотиш бўйича ёпиқ қарор чиқарган. Республика онкология маркази, унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиаллари янги қурилаётган ягона онкологик комплексга бирлаштирилади.

Шифокор-онколог Шермуҳаммад Умиров Kun.uz билан суҳбатда Ўзбекистонда саратонга чалинганларнинг ойлаб навбатга тураётгани сабаб кўплаб ҳолатларда касаллик сўнгги босқичга бориб қолаётгани, бундай шароитда мавжуд ўринларнинг қисқартирилиши фожиа эканини айтди.

“Шифохоналарни қўшиб юбориш нотўғри”

— Бугун Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ онкологик касалга чалинган беморимиз бор ва уларнинг 30 фоиздан ортиғи оғир аҳволда. 100 минг беморнинг 10 мингга яқини – 18 ёшга тўлмаган болалар.

Шундай қийин вазиятда онкологик шифохоналарни камайтириш ёки ўринлар сонини қисқартириш – фожиа.

Янги касалхона қурилиши яхши иш, лекин Республика онкология марказини Тошкент шаҳри ва вилояти билан қўшиб юбориш нотўғри.

Болалар онкологияси бўлими ҳам алоҳида бўлиши керак. Бугунги кунда Тошкент вилоят онкологиясида болалар бўлими йўқ. Бу борада ҳақиқатан ҳам кулгили аҳволдамиз. 4 млн аҳолисининг 36 фоизи 18 ёшгача бўлган болалардан иборат бўлган вилоятда шу болаларнинг даволаниши учун болалар онкология бўлими йўқлиги ачинарли. Бу вилоятдаги саратонга чалинган болалар пойтахтга келишади. Биз уларга Тошкент шаҳар онкологиясига ордер берамиз даволаниш учун, у ерда катта навбат бор – лекин жой йўқ, етмайди. Оқибатда биринчи ёки иккинчи босқичда аниқланиши, даволаниши керак бўлган касаллик оғир босқичларга ўтиб кетади.

Вилоятнинг битта туманини мисол келтирай, мингта онкологик касали бор ва шундан 500 га яқини болалар. Бу кичкина сонми? Шу 500 бемор боладан камида 40 нафари нобуд бўляпти.

Дунё бўйича 1 сонияда 1 одам онкологик касалдан вафот этади. Ўзбекистонда эса тахминан ҳар 10 дақиқада битта онкологик касалга чалинган одам нобуд бўлади. Бу кимнингдир синглиси, кимнингдир укаси, кимнингдир отаси, кимнингдир онаси, кимнингдир боласи бўлиши мумкин. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди.

“Жойлар сони қисқаряпти. Саратон эса кутиб турмайди”

— Онкология шифохоналарини марказлаштириш билан иш битмайди. Бугун, ҳозир шу шифохоналарнинг қабул бўлимига боринг, одамни кўрасиз. Қанчадан қанча навбат. Нур терапия олишга ойлаб кутиб туришибди. Ётиб даволанишга ойлаб кутиш керак. Чунки бўлимда ётиб даволанишга ўринлар кам. Яна бир сабаби – шу масалада ўринлар сонини кўпайтиришни ҳеч бир мутасадди бўйнига олмаяпти.

Тошкент шаҳар, Тошкент вилоят онкология марказлари ўзи “отам замонида” 15-20 млн аҳолига мўлжаллаб қурилган. Ҳозир аҳолимиз қарийб 40 млнга қараб боряпти. Ҳозир шундан келиб чиқиб даволаш муассасаларини қуришимиз керак.

Янги қурилаётган онкология маркази 750 ўринга мўлжалланган. Тошкент шаҳар, Тошкент вилоят ва республика онкологияларидаги беморлар ётиб даволанадиган ўринлар 850 атрофида. Янги марказда эса 750. Ўринлар сонини кўпайтириш ўрнига 100 та жойга қисқариб кетяпти. Бу – касаллар ойлаб навбат кутишини, беморларнинг оворагарчилигини келтириб чиқаради. Бу касаллик кутиб турадиган касаллик эмас. Бугун даволанмаса, эртага яна ёнидан битта ўсма ўсиб чиқади. Кун сайин оғирлашади. Шунинг моҳиятидан келиб чиқиб ишни ташкиллаштиришимиз керак. Республика онкология маркази алоҳида бўлиши керак, унга шаҳар ва вилоят шифохоналарини қўшиб юбориш керак эмас.

“4 гектарнинг бир қисмига шифохона қуриб беришсин”

— Ҳозирги Тошкент шаҳар онкология шифохонаси 4 гектар майдонда жойлашган бўлса, шунинг ўрнида 1 гектарига 8 қаватли иккита бино қуриб беришсин. Шунда шаҳар халқи соғлиқни сақлаш тизимидан ҳам, давлатдан ҳам рози бўлади. Президент халқни рози қилиш учун жой куйдиряпти-ку. Нега шу ҳақда ўйлашмайди, нега одамлар овора бўлиши керак?

Яқинда ўзим яшайдиган маҳалладаги кўкрак саратонига чалинган 35 ёшли беморнинг муолажаларига ёрдам бердим. Охирги босқичда бўлгани учун уйига рухсат бериб юборилган. Қорнида, ўпкасида сув йиғилиб кетган. Кунора борганим учун қизчасиям мени яхши таниб қолган экан. Аёл узоқ яшамади, вафот этди. Орадан 2 ойлар ўтиб, кўчада қизча мени кўриб: “Ойимни қачон қайтариб келасиз?” деб сўраяпти. Чунки онаси ўлганда уйидагилар: “Шифокор амакинг ойингни даволаш учун олиб кетишди”, дейишган экан. Энг ёмони шуки, бунақа нарсалар деярли ҳар куни содир бўлади.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид