Жаҳон | 08:41 / 01.12.2022
7157
2 дақиқада ўқилади

Кулеба: Украина дипломатик ваколатхоналарида хавфсизликни кучайтириш керак

Украинанинг Мадриддаги элчихонасида рўй берган портлашдан сўнг Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатнинг хориждаги барча ваколатхоналарида зудлик билан хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрди. 

Фото: AA

Кулеба Испания расмийларига воқеани текшириш илтимоси билан мурожаат қилди, дея баёнот берди Украина ТИВ. 

Вазирнинг таъкидлашича, ҳужум ортида ким турган бўлса ҳам у украиналик дипломатларни қўрқитолмайди ёки Украинани мустаҳкамлаш ва Россия агрессиясига қаршилик кўрсатиш бўйича кундалик ишларга аралаша олмайди.

30 ноябр куни маҳаллий вақт билан 13:00 атрофида Украинанинг Испаниядаги дипломатик муассасаси ҳудудида портлаш содир бўлди.

Украина элчиси Сергей Погорелцев сўзларига кўра, номаълум шахслар унга портловчи моддалар солинган пакетни почта орқали жўнатган. Бироқ дипломатик муассаса ходимлари шубҳали жўнатмани очмасдан, элчихонадан ташқарига олиб чиққан. Шунда пакет портлаб кетган, уни олиб чиққан комендант қўлидан жароҳатланган.

Испания ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Украина элчихонаси ҳудудидаги портлашни террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба барча элчихоналарда зудлик билан хавфсизлик чораларини кучайтиришга кўрсатма берди ва Испанияни ҳужумни тергов қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Украина дипломатларига хавфли пакетни ким юборгани ҳозирча номаълум.

Испания Украинани Россия агрессиясига қарши қурол билан фаол қўллаб-қувватламоқда. Сентябр ойида Киев артиллерия тизимлари учун ўқ-дорилар билан жиҳозланган бешта транспорт самолёти, шунингдек, ҳарбийлар учун қишки кийим-кечак ортилган 20 та юк машинасини олган эди.

Мавзуга оид