Жаҳон | 16:00 / 02.12.2022
8032
2 дақиқада ўқилади

Twitter Кане Уэстни зўравонликка ундагани учун яна блоклаб қўйди

Илон Маск Twitter’ни сотиб олгач, аккаунти блокдан чиқарилган мусиқачи Ҳитлерни ёқтиришини тан олди ва антисемитизм руҳидаги твитларини эълон қилди.

Фото: Zuma

Машҳур рэпер Кане Уэстнинг Twitter’даги саҳифаси зўравонликка ундагани учун блокланди. Бу ҳақда компания эгаси Илон Маск 2 декабрь, жума куни хабар берди. 

Мусиқачи саҳифасини очганда, блоклаб қўйишнинг аниқ сабабини кўрсатмасдан автоматик тизим хабари - «Саҳифа амал қилиши тўхтатилди» ёзуви пайдо бўляпти. «Шунчаки, унинг аккаунти зўравонликка ундагани учун тўхтатилганига ойдинлик киритаман», — деб ёзди Маск. 

Уэстнинг аккаунти биринчи марта 9 октябр куни антисемитизм руҳидаги твит учун тақиқланган эди. Илон Маск Twitter эгасига айланганидан кейин мусиқачини блокдан чиқарди. 

Қайта блоклашга Уэст томонидан эълон қилинган бир нечта фотосуратлар, жумладан, свастика билан бирлаштирилган Довуд юлдузи тасвири сабаб бўлди. Улар саҳифага жойлаштирилган куни Уэст Алекс Жонс шоусида пайдо бўлди ва «Ҳитлерни ёқтиришини» айтди. Студия меҳмонларидан бири у «жуда путинпараст ва россияпараст» деганида, Уэст «мен ҳам», деб жавоб берди. Кейин у, ўзининг фикрича, «сатанизм Американи қамраб олган», деб қўшимча қилди. 

Мавзуга оид