Жамият | 13:37 / 02.12.2022
48685
6 дақиқада ўқилади

Замонамиз Тўмариси. Ўзбекистондаги ягона овчи аёл билан суҳбат

Иқлима Жўраевани таниганлар унинг юрагида ўнта эркакнинг шижоати бор деб айтишади. У ҳозир Ғиждувон туманидаги чўл ҳудудида янгича усулда оазис яратиб, дунёнинг турли жойларидан сайёҳларни кутиб оляпти. Қаҳрамонимизнинг босиб ўтган йўли, муваффақиятлари, ҳаётни қандай севиш ҳақида бир фильмга сиғмайдиган ўз ҳикояси бор.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида чўлнинг ўртасида 33 гектарлик майдонда қатор ўтовлар кўтарилган. Ўтовлар айниқса кечқурун чироқлар билан шарқ эртакларини эслатиб юборади.

Бу манзилнинг ташаббускори – 51 ёшли аёл Иқлима Жўраева. Ғиждувон фарзанди эканини фахр билан айтадиган аёлнинг табиатга, яшашга муҳаббати бошқаларникидан анча фарқ қилади.

Қаҳрамонимиз – Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олган ягона аёл ҳамдир.

“Одамларнинг ҳаёти яхшилансин”

— 1971 йилда Ғиждувонда туғилганман. 1999 йилда турмуш ўртоғим вафот этиб, бир ўғлим билан қолдим. Буни айтиш, эшитиш осон, лекин ўзи оғир. Умримни ҳаётга, одамларнинг ҳаётини яхшилашга, ўзимдан яхши ном қолдиришга бағишлашни истайман.

17 ёшимдан оёқ кийим тайёрлаш фабрикаларида, кейинроқ ип йигирув ва тўқув фабрикасида ишладим. Қарийб 30 йилдан бери эса кўплаб хусусий корхоналарга раҳбарлик қилиб келяпман.

Тадбиркорликни ёшлигимдан бошлаганман десам ҳам бўлади. Турмуш ўртоғим дунёдан ўтганидан кейин аста-секин МЧЖлар очиб, 2008 йил маиший хизмат кўрсатиш дўконини қурганмиз. 2013 йилда “Фирдавс Амон Ўктам омади” савдо мажмуаси, 2019 йилда “Гольд Опель Фирдавс” МЧЖда 40дан ортиқ сайёҳга меҳмонхона хизматини йўлга қўйганмиз.

Шу меҳнатларни ҳисобга олиб туман, вилоят, республика даражасида турли танловларда тақдирлаб келишади. 2019 йилда республика миқёсида "Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли" деб эътироф этишди. Бундан ташқари, “Туризм соҳасининг энг шижоатли аёли” номинациясига ҳам лойиқ кўришди. Яқинда “Ишбилармон аёл 2022” республика босқичида ҳам иштирок этиб келдим.

Чўлдаги оазис

— Йил бошида АҚШнинг USAID ташкилотидан грант ютиб олгандик. Бу пулга Ғиждувоннинг чўл ҳудудида экотуризм йўналишда иш бошладик. Чўлнинг ўртасидаги 33 гектар майдонда экотуризм зонаси ташкил қилиб, от спорти, дам олиш зоналари, балиқхона, туя сутидан қимиз тайёрлаш, милтиқ отиш спорт турини йўлга қўяяпмиз. Ўзимиз от боқиб, қазиларини ҳам ўзимиз тайёрлаймиз. 20га яқин от ва туяларни Навоий вилоятидан сотиб олиб келтирганмиз. У ерда туяқуш, курка, турли хил паррандаларни боқамиз. Бу ерга келган туристлар ўша ҳайвонлари ўзи овлаб, ўзи пишириб ейди.

Маҳаллий ва хорижий меҳмонлар 5 гектарда бунёд этилаётган сув ҳавзасида балиқ овлаш, хушманзара жойларни томоша қилиш, от ва туяларда сайр этиш, ўтовларда дам олишлари мумкин.

Бунақа тажриба олдин Ғиждувонда қилинмаган. Янги нарса топсам, тадбиркорликда янгича йўналишни кўрсам, уни ривожлантиргим, одамларнинг ҳаётига олиб киргим келади.

“Ҳақиқий овчида 6-ҳиссиёт бўлиши керак”

— Овчилик билан 20 йилдан бери шуғулланиб келаман. Ов қилишни болалигимдан бошлаганман. Мактабда тир тўгараклари бор эди. Ўша пайтдан милтиқларни ушлашга меҳрим тушган.

Бўрини оёғи боқади деган гап бор. Кўпинча аёллар қилмаган ишларни қилишни яхши кўраман. Овчилик жуда нозик нарса. Бунда ёввойи ҳайвонларни феъл-атворигача ўрганиш керак. Мен ҳаётга жуда қизиқувчан одамман. Биринчи марта қуённи битта отишда нишонга теккизганман. Отишда камдан кам хато қиламан. Овчиларнинг арзимаган хатоси орқасидан катта кўнгилсизликлар бўлиши мумкин. Шунинг учун жуда диққатли бўлиш керак. Овчида 6-сезги бўлсагина, уни ҳақиқий овчи деса бўлади. Овчиликда ҳар томонлама ҳушёр, сергак бўлиш муҳим. Ов қилаётган киши отган ўқи қаерга боришини олдиндан билиши керак.

Овнинг ҳам тўловлари, меъёрлари бор. Ҳар бир отиладиган жонзот учун пул тўланади. Бу назоратда бўлади. Ортиқча отилган ҳайвон учун жарима ҳам бор. Овга ҳар кун эмас, ҳар ҳафтада 1 марта, 1 ойда 4 мартагача чиқаман.

Овнинг фойдалари

— Одамлар тирик жониворларни ўлдириш ҳақида турли хил фикрга боришлари, бу ишни баъзилар оқламаслиги ҳам мумкин. Лекин ёввойи табиатнинг, ҳайвон-у қушлар гўштининг саломатлик учун фойдали томонлари кўп. Ҳам дам оласиз, ҳам шифо топиш мумкин. Овларимиз албатта қонун доирасида бўлади. Бирор тақиқланган жойда, ман этилган жониворга озор бермайман.

Мен овлайдиган жониворлар у ёки бу касалликдан азият чекаётган кишининг соғайиб кетиши, оиласи бағрига қайтишига ёрдам беради. Масалан, чўл ҳайвонлари гўшти одам соғлиғи учун фойдали. Шунинг иложи бор экан, нега бундай имкониятдан фойланмаслик керак? Ҳаёт биз ўйлагандан кўра гўзал. Ташвишлар сабаб шу гўзалликни кўрмай қоламиз.

“Чўлда тунаб, овга чиқиш завқи бошқача”

— Киши ўзи яшаётган жойни бирор камчилиги учун ёмон кўрмаслиги керак. Ўзини шу ҳудудга оид деб билдими, бўлди, ўша жойни яхшилашга ҳаракат қилса кўпчиликка фойдаси тегади. Мен ғиждувонликларда шу туйғуни кўраман. Тумандошларим орасида тадбиркорлар жуда кўп. Бири ҳолвапаз, бири кулчапаз, яна бири шашликпаз.

Одам ўзи яшаётган жой кишиларига ўхшаб бораверкан шекилли, биз ҳам оилам билан ўз ҳисобимиздан Ғиждувон туманидаги “Коинот” болалар соғломлаштириш оромгоҳини обод қилдик. У ерга водийдан, Намангандан кўчатлар олиб келиб ўтказдик. Бу жой обод масканга айланди.

Ғиждувондаги чўл ҳудудларини жуда яхши ўрганганман. Чўлда тунаб, овга чиқиш завқини шу ишни қилиб кўрган кишигина ҳис қила олади. Чўл ҳудудида экотуристик жойни шу туйғуни бошқаларга ҳам улашиш мақсадида ташкил қилдик. Келадиган сайёҳлар фақат меъморий биноларни томоша қилишдан ташқари, гастрономик туризм билан, табиат билан жуда қизиқади. Қолаверса, Ғиждувонда асосий аҳоли тадбиркорлик билан шуғулланар экан, нега буни хорижликларга кўрсатмаслик, танитмаслик керак.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид