Жамият | 17:30
780
5 дақиқада ўқилади

 “Рус, инглиз ва немис тилини телефон ва интернетдан ўргандик” — бухоролик 12 ёшли эгизаклар ҳикояси

Фотима ва Зуҳра Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан. Улар ҳозир ўзбек тилидан ташқари рус, инглиз ва немис тилларида бемалол мулоқат қила олади. Қизлар бу тилларни махсус курсларсиз, асосан бепул онлайн дарслар орқали мустақил ўрганган. Қизиғи, эгизаклар аллачон ўзлари ҳам бошқа ўқувчиларга тил ўргатишни бошлаб юборган. Kun.uz мухбири меҳнаткаш оилада улғайган қизалоқлар билан тарбия муҳити ҳамда тилларни қандай ўргангани ҳақида суҳбатлашди.

Эгизакларнинг отаси устачилик билан шуғулланади, онаси эса тикувчилик қилади. Оилада моддий жиҳатдан катта имкониятлар бўлмаган, шунга қарамай ота-она фарзандларининг таълимига алоҳида эътибор қаратган.

Қизларнинг айтишича, уларнинг тил ўрганишга қизиқиши уч ёшидаёқ пайдо бўлган. Отаси уйга расмли луғатлар олиб келиб, қизларда сўз ва тасвир ўртасидаги боғлиқликни ўйин орқали шакллантирган.

Дадамиз кўп расмли луғатлар олиб келарди. Биз расмларга қараб нарсаларни тасвирлаб беришга ҳаракат қилардик. Ойимиз эса сўзларни ўйин тарзида ўргатарди. Шу сабаб тил ўрганиш биз учун мажбурият эмас, қизиқарли машғулот бўлган”, – дейди Фотима.

Мутахассисларнинг фикрича, айнан 3-6 ёш оралиғи бола мияси учун янги тилларни қабул қилишда энг фаол давр ҳисобланади. Фотима ва Зуҳра мисолида ҳам бу жараён табиий қизиқиш билан бошланиб, кейинчалик интизомли машғулотга айланган.

Эгизаклар тил ўрганишдаги муҳим омил сифатида такрорлашни тилга олади. Бу тамойил уларга отаси томонидан сингдирилган.

Дадамиз доим айтади: билимнинг онаси – такрорлаш. Агар янги тил ўрганаётган бўлсанг, уни ишлатмасанг, эсдан чиқиб кетади. Шунинг учун, одатда, бир-биримиз билан турли тилларда гаплашиб машқ қиламиз”, – дейди Зуҳра.

Эгизаклар тил ўрганишда ўзаро ҳамкор бўлиб келган. Масалан, улардан бири рус тилида савол берса, иккинчиси инглиз тилида жавоб бериб, икки тилни бир вақтнинг ўзида машқ қилган.

Тилшунослар бундай усулни кўп тилли муҳитни сунъий яратиш деб атайди. Яъни инсон атрофида табиий муҳит бўлмаса ҳам, ўзи учун амалий машқ шароитини ҳозирлаши мумкин.

Фотима ва Зуҳра тилларни ўрганишда асосан интернетдан фойдаланган. Улар YouTube’даги бепул дарслар, тил ўргатувчи каналлар, луғатлар ва хорижий видеолар орқали билимларини мустаҳкамлаган. Масалан, рус тилини ўрганишда Москвада яшовчи блогер ўқитувчининг видеодарсларини мунтазам томоша қилган. Ҳатто кейинчалик Бухорога келганида у билан учрашишга ҳам муваффақ бўлган.

YouTube’да жуда кўп бепул дарслар бор. Аввалига тушуниш қийин бўлади. Лекин мунтазам эшитиб ва такрорлаб борсангиз, аста-секин тил ўзингизга яқинлашиб, ўрганиш осонлашади”, – дейди улар.

Қизлар тилни фақат дарсликлар орқали эмас, китоб мутолааси орқали ҳам ривожлантиради. Ҳозир улар инглиз ёзувчиси Митч Албомнинг “The next person you meet in heaven” асарини инглиз тилида мутолаа қилмоқда. Бундан аввал эса Пауло Коелонинг “The Alchemist” китобини ўқиган. Уларнинг айтишича, китоб мутолааси тилни чуқурроқ ҳис қилишга ёрдам беради.

Китоб ўқиганда янги сўзлар, янги фикрлар учрайди. Бу нафақат тилни, балки дунёқарашни ҳам кенгайтиради”, – дейди қизлар.

Фотима ва Зуҳра ҳозирда ўз билимларини бошқалар билан ҳам улашмоқда. Мактаб раҳбарияти уларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, дарс ўтишлари учун алоҳида синфхона ажратиб берган. Эгизаклар шу ерда кичик ёшдаги ўқувчилар учун инглиз ва рус тили бўйича курслар ташкил этган. Дастлаб, улар уч ой давомида дарсларни бепул ўтган. Шу вақт ичида курсларда қарийб 50 нафар ўқувчи қатнашган. Ҳатто 30 ёшдан ошган тингловчилар ҳам бўлган. Бугун эса курслар пулли асосда давом этмоқда. Ўқувчиларнинг ёши учинчи синфдан саккизинчи синфгача.

Фотима ва Зуҳра келажакда дунёнинг нуфузли университетларидан бири – Кэмбриж олийгоҳида ўқишни орзу қилади.

Уларнинг ҳикояси ҳақидаги суҳбатни батафсил Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид