07:53 / 07.12.2022
3812

Брюссел Украинага молиявий ёрдам ҳақида кафолат берди

Бунда 27 ёки 26 давлат иштирок этишидан қатъи назар, Украина Европа Иттифоқидан молиявий ёрдам олади, дея маълум қилди Брюссел Венгрия бу чорани қўллаб-қувватлашдан бош тортганидан кейин.

Фото: AP

Венгрия Украинага макромолиявий ёрдамга вето қўйганига қарамай, Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийлари Киев 2023 йил учун ваъда қилинган 18 миллиард еврони олишини билдиряпти. Бу ҳақда 7 декабрь, сешанба куни Европа Иттифоқи мамлакатлари Молия вазирлари кенгаши якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди, деди Чехиянинг Европа Иттифоқига раислик қилувчи Молия вазирлиги раҳбари Збинек Станюра ва Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис.

Улар Европа Иттифоқи давлатлари бу маблағнинг январь ойидаёқ Украинага етиб боришини таъминлаш учун ҳаракат қилишга бел боғлаганини таъкидлади. «Бир нафаридан бошқа барча молия вазирлари олдинга силжишга ва бу мақсадга эришиш йўлларини излашга тайёр, - деди Домбровскис. - Биз бир Европа Иттифоқи давлати бу молиявий ёрдамни кечиктиришига йўл қўя олмаймиз. Уни Украинага етказиб беришимиз керак ва етказиб берамиз. Бунда 27 ёки 26 давлат иштирок этишидан қатъи назар».

Станюранинг таъкидлашича, шунга қарамай, учта зарур молиявий чорадан бири кўрилган, чунки протоколга кўра, бунинг учун мутлақ кўпчиликнинг овози етарли эди. Шу туфайли Европа Комиссияси 2023 йилнинг биринчи кунларида Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш учун кредитлар бериш жараёнини бошлаши мумкин. «Бугун келишилган молиявий регламентга киритилган ўзгартириш Европа Комиссиясига 18 миллиард евролик пакет бўйича сиёсий келишувга эришилгандан сўнг, январь ойи бошида Украинага маблағларнинг тез етиб бориши учун молиявий инфратузилмани тайёрлашга имкон беради», — дея тасдиқлади Домбровскис.

Унга кўра, Еврокомиссия Украинага молиявий ёрдам кўрсатишнинг иккита вариантини кўриб чиқмоқда: ё Европа Иттифоқи бюджети кафолатлари орқали ёки Европа Иттифоқи давлатларининг миллий кафолатлари орқали. «Биз пулнинг Украинага етиб боришини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз, хоҳ у А режаси бўлсин, хоҳ Б режаси бўлсин, ҳар қандай ҳолатда ҳам», — дея унинг фикрига қўшилди Станюра. Бироқ, давлатлардан бирининг розилигисиз маблағ йиғиш жараёни узоқроқ ва қийинроқ бўлиши мумкин.

У Украинага янги макромолиявий ёрдам пакети тақдим этишни Венгрия учун маблағ ажратиш билан бевосита боғлади - Молия вазирлари кенгаши Европа комиссиясининг ушбу таклифларини битта пакетда кўриб чиқади, дея таъкидлади Чехия Молия вазирлиги раҳбари. "Бир банд бўйича келишувга эришилмаса, ҳеч нарса бўйича келишилмайди", деди у.

Шундай қилиб, молия вазирлари Евроиттифоқ маблағларидан Венгрия учун мўлжалланган 7,5 миллиард евро тўғрисидаги қарорни кун тартибидан олиб ташладилар, шунингдек, Будапешт учун ковиддан кейинги иқтисодий рағбатлантириш фондидан 5,8 миллиард евро ажратиш ҳақидаги қарорни кейинга қолдирдилар. Аввалроқ Еврокомиссия коррупция хавфи туфайли Венгрияга ЕИ бюджетидан ажратилган барча маблағларнинг 65 фоизи миқдоридаги маблағларни 2027 йил охиригача музлатиб қўйган эди. Бу маблағлар биргаликда Венгриянинг 2022 йилда ялпи ички маҳсулотининг деярли 9 фоизини ташкил қилади, деб ёзади Reuters.

Энди Европа Иттифоқи молия вазирлари кенгаши Еврокомиссиядан ҳафта охиригача Венгриядаги вазиятни тезкорлик билан яна бир бор баҳолашни ўтказишни сўради. «Чехия Европа Иттифоқига раислик қилаётган мамлакат сифатида муроса топишга тўлиқ содиқ ва мен бунга бир неча кун ичида эришамиз, деб ишонаман», - деди Станюра. Вазирлар ушбу мавзу бўйича муҳокамаларни кейинги ҳафта видеоалоқа орқали ёки бир ҳафтадан сўнг фавқулодда юзма-юз учрашувда якунлашлари мумкин.

9 ноябрь куни Еврокомиссия Украинага умумий суммаси 18 миллиард еврогача бўлган фавқулодда макромолиявий ёрдам пакетини ажратишни таклиф қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top