Ўзбекистон | 22:39 / 07.12.2022
34156
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон газ, электр, кўмир ва мазут импорти бўйича музокараларни фаоллаштиради

Бундан ташқари, бензин импорти ҳам оширилади, Аи-80 маркали бензин импорти ва чакана реализацияси акциз солиғидан вақтинча озод этилади. Баҳоргача давлат идораларига қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш тақиқланди, улар бензинга ўтказилади. Суюлтирилган газ экспорти тўлиқ тўхтатилади.

Фото: Президент администрацияси

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида қишни беталафот ўтказиш, энергетика тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистонда юзага келган мураккаб вазият оқибатларини юмшатиш учун қўшимча чоралар белгиланди.

Табиий газ ва электр энергияси бўйича:

  • газ етказиб бериш ҳажми суткасига 5 миллион куб метрга оширилади;
  • 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланиб, уларни бензинга ўтказилади;
  • хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокаралар жадаллаштирилади;
  • барча ишлаб чиқарувчилар ва трейдерларга суюлтирилган газни экспорт қилиш тақиқланади;
  • табиий газ етказиб бериш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга рухсат этилади;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларига электр энергияси етказиб беришга ўрнатилган вақтинча чекловлар йил якунига қадар узайтирилади;

Бензин бўйича:

  • биржа сотувларига қўйилаётган АИ-80 бензининг кунлик ҳажми оширилади;
  • биржада АИ-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди;
  • бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш учун хомашё ҳамда тайёр бензин импорти оширилади;
  • 2 ой муддатга АИ-80 бензини импорти учун акциз солиғи ва уни чакана сотиш учун акциз солиғини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатиб турилади;
  • АИ-80 бензини нархининг асоссиз оширилишига йўл қўйилмайди, нарх ошиши бошланғич нархнинг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслиги таъминланади.

Шунингдек, президент топшириғига асосан бош вазир бошчилигида энергия муаммоларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилиб бориш бўйича ҳукумат ишчи гуруҳи тузилмоқда. Кунлик назорат ўрнатиш учун президент маслаҳатчилари ва бош вазир ўринбосарлари ҳар бир вилоят ҳокимига бириктирилди.

Мавзуга оид