12:25 / 12.12.2022
7990

Украина: Мелитополда 200 россиялик ҳарбий ҳалок бўлди ва яраланди

Украинанинг Мелитопол мэри Иван Федоровнинг айтишича, россиялик аскарлар тўпланадиган жойларда портлашлар ва ёнғинлар содир бўлган. Оккупацион ҳукумат, ўз навбатида, тинч аҳоли яшайдиган дам олиш марказига зарба берилганини даъво қилмоқда.

Украина Запорижжя вилоятининг Россия томонидан эгаллаб олинган Мелитопол шаҳрида содир бўлган портлаш ва ёнғинлар натижасида 200 га яқин россиялик ҳарбий ҳалок бўлди ва яраланди, деб маълум қилди шанба, 10 декабрь куни Украина шаҳар мэри Иван Федоров. Унинг сўзларига кўра, ёнғинлар шаҳарнинг турли ҳудудларидаги рус қўшинлари базаларида содир бўлган. Федоров уларнинг сабаблари ҳақида аниқ гап айтмаган. Унинг ўзи Мелитополда эмас ва ҳеч қандай манбага мурожаат қилмаган. Мэрнинг сўзларига кўра, яраланган россияликлар шунчалик кўпки, уларни олиб кетиш учун аннексия қилинган Қримдан тез ёрдам машиналарини чақиришга тўғри келган.

Ҳозирча Украина Бош штабидан Мелитополга зарбалар ҳақида ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган. Айни пайтда, Запорижжя вилоятининг аннексия қилинган қисми Россия томонидан тайинланган «раҳбари» Евгений Балицкий Мелитополга зарба берилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, дам олиш маскани ўққа тутилган, бу «шанба куни кечқурун, одамлар, тинч фуқаролар кечки овқатга чиққан пайти, база ходимлари ишда бўлганида қайд этилган». Унинг хабар беришича, икки киши ҳалок бўлган ва ўн нафари жароҳатланган, дам олиш маркази бутунлай вайрон бўлган. Украина оммавий ахборот воситалари ушбу баёнотни шарҳлар экан, Россия қўмондонлиги ўз ҳарбийларини жойлаштириш учун ишғол қилинган ҳудудлардаги дам олиш марказлари ва меҳмонхоналардан фойдаланади, деб ёзади.

Ўз навбатида, Запорижжя вилояти оккупацион «маъмурияти» вакили Владимир Рогов Мелитополдаги «Овчилар манзилгоҳи» дам олиш базаси HIMARS ракета тизимларидан ўққа тутилганини айтди. Украинанинг иккита ракетаси уриб туширилди, қолганлари нишонга етди, деб ёзади РИА Новости Роговнинг баёнотидан иқтибос келтириб.

Мелитопол фронт чизиғидан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган.

7 декабрь куни Мелитополга Россия томонидан тайинланган «раҳбар ўринбосари» Николай Воликка суиқасд уюштирилгани маълум бўлди. Baza нашри тергов органларига таяниб, Волик яшайдиган уйнинг кираверишидаги фонарга зарба берувчи элементлар билан тўлдирилган портловчи мослама ўрнатилгани ҳақида хабар берди. Уйдаги портлашдан дераза ойналари тўққизинчи қаватгача синиб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, портловчи модданинг кучи 2,5 кг тротилни ташкил қилган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top