13:01 / 13.12.2022
5912

Беларусда жанговар тайёргарликни тўсатдан текшириш эълон қилинди

Беларус Мудофаа вазирлиги жанговар тайёргарликнинг тўсатдан текширилишини эълон қилди. Идора матбуот хизмати хабарига кўра, у Александр Лукашенко топшириғи билан бошланган. 

Фото: Беларус Мудофаа вазирлиги

«Кўрилаётган чора-тадбирлар кенг қамровли бўлиб, қўшинлар имкон қадар тезроқ белгиланган ҳудудларга бориши, муҳандислик жиҳозларини ишга тушириши, хавфсизлик ва мудофаани ташкил этиши, шунингдек, Неман ва Березина дарёлари орқали вақтинча кўприклар қуриши керак», — дейилади хабарда. 

Шунингдек, текширув вақтида «ҳарбий техника ва шахсий таркибнинг ҳаракатланиши, шунингдек, айрим умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва рельеф зоналари бўйлаб фуқароларнинг ҳаракатланиши (транспорт) вақтинча чекланиши режалаштирилгани» кўрсатилган.

Бундан олдин Беларусда сафарбарлик йўқлиги, аммо ҳарбий хизматга мажбурлар «военкомат»га чақирилаётгани хабар қилинганди.

Беларус расмийлари ҳали ҳам мамлакатда сафарбарлик чоралари кўрилмаганини, гап фақат ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар ҳақидаги маълумотларни режалаштирилган текшируви ҳақида кетаётганини таъкидламоқда. 

Улар бу жараённи 1 декабргача якунлашга ваъда берган, бироқ энди бу 2022 йил охиригача давом этиши маълум бўлди.

Ўтган куздан бошлаб, Россияда эълон қилинган «қисман сафарбарлик»дан сўнг, минглаб Беларус фуқаролари ўз мамлакатларининг ҳарбий рўйхатга олиш идораларига чақириқ ола бошлади. 

Маҳаллий ҳокимият вакиллари ва комиссарликларнинг ўзи ғайритабиий нарса юз бермаётганини таъкидлади: чақирув қоғозларини етказиб бериш одатий ҳол бўлиб, Украина ҳудудидаги ҳарбий операцияларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Top