11:39 / 19.12.2022
5829

КХДР айғоқчи сунъий йўлдошларни синовдан ўтказаётганини маълум қилди

Разведкачи сунъий йўлдошни синовдан ўтказишнинг якуний босқичи якунланди, тасвирлар ва ахборот маълумотларини узатиш имкониятлари текширилди, деб хабар берди КМТА Шимолий Корея давлат ахборот агентлиги.

Фото: Yahoo

Шимолий Корея ҳарбий разведка сунъий йўлдошини синовдан ўтказишнинг якуний босқичи якунланганини маълум қилди. Унинг давомида тасвир ва ахборот маълумотларини узатиш имкониятлари синовдан ўтказилди, деб хабар қилди КМТА давлат ахборот агентлиги 18 декабрь, якшанба куни.

Ушбу маълумотларга кўра, сунъий йўлдошнинг ўзи 2023 йилнинг апрелида тўлиқ битказилиши керак. Бундан ташқари, тахминан 500 км баландликка кўтарилган синов сунъий йўлдоши билан ракета ташувчи учирилгани ҳақида хабар берилган - Шимолий Корея мутахассислари космосда асбобларнинг ишлашини текширган, шунингдек, сунъий йўлдош тасвирларини синовдан ўтказган.

Бир кун аввал Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Кореядаги Корея яриморолининг шарқий соҳилидан Япония денгизи томон иккита баллистик ракета учирилгани ҳақида хабар берган эди. Тахминларга кўра, бундай турдаги ракеталар ядровий каллакларни олиб юриши ва Япониядаги нишонларни уриш учун етарли масофани босиб ўтиши мумкин.

Ўз навбатида, Япония мудофаа вазири ўринбосари Тоширо Ино Шимолий Корея томонидан янги учирилган баллистик ракеталар Япониянинг махсус иқтисодий зонаси ҳудуди ташқарисига тушганини айтди. Унга кўра, улар тахминан 550 км баландликда учган ва камида 250 км масофани босиб ўтган.

Шимолий Корея бу йил ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ракета учирди, дея қайд этади Reuters: Пхенян йил бошидан бери 50 дан ортиқ ракета синовларини ўтказди. Бундан ташқари, халқаро изоляцияда бўлган Шимолий Кореядаги режим 2017 йилдан бери илк бор яна ядровий синовлар ўтказиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучаймоқда.

Top