Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
14 йил орбитада бўлган NASA сунъий йўлдоши Ерга қайтмоқда
Мутахассислар маълум қилишича, йирик ҳажмли Van Allen Probe A сунъий йўлдоши қарийб 14 йил орбитада бўлганидан сўнг тез орада Ер атмосферасига кириб келади.
Тахминан 600 килограмм оғирликка эга аппарат 2012 йил август ойида ўзининг “эгизаги” — Van Allen Probe B билан бирга учирилган эди. Ҳар иккала сунъий йўлдош ҳам Ернинг радиация камарларини, яъни Ван Аллен радиация камарлари деб ҳам аталадиган ҳудудларни ўрганиш учун мўлжалланган эди.
NASA маълумотига кўра, аппаратнинг катта қисми атмосферадан ўтиш чоғида ёниб кетади. Бироқ конструкциянинг айрим элементлари атмосферага киришни бошдан кечириб, Ер юзига тушиши мумкин.
Ерда кимдир жабр кўриш эҳтимоли жуда паст — тахминан 4200 дан 1. Бу 0,02 фоиз эҳтимолга тўғри келади. Олимлар қайд этишича, Ер юзасининг қарийб 70 фоизи океанлар билан қопланган. Шунинг учун атмосферага киришдан айрим бўлаклар омон қолган тақдирда ҳам, улар аҳоли яшайдиган ҳудудларга эмас, балки очиқ океанга тушиши эҳтимоли юқори. Шу билан бирга, янги маълумотлар келиб тушиши билан мутахассислар ҳисоб-китобларни янада аниқлаштиради.
Дастлаб миссия фақат икки йилга мўлжалланган эди, аммо сунъий йўлдошлар ишлашда давом этди: Probe B — 2019 йил июлигача, Probe A — 2019 йил октябригача. Улар тўплаган маълумотлар олимлар томонидан ҳанузгача таҳлил қилинмоқда.
Ернинг радиация камарларини ўрганиш коинот об-ҳавоси ва Қуёш фаоллигининг технологияларга таъсирини тушуниш учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. NASA маълумотига кўра, бу тадқиқотлар Қуёш фаоллигининг сунъий йўлдошлар ва космик миссияларга таъсирини прогноз қилишга, астронавтлар учун хавфларни баҳолашга, шунингдек алоқа, навигация ва электр тармоқлари каби ерусти тизимларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Дастлаб ҳар икки аппарат ҳам орбитада 2034 йилгача қолади, деб тахмин қилинган эди. Бироқ сўнгги йилларда Қуёш фаоллиги кучайган. Бу эса Ер атмосферасининг юқори қатламлари кенгайишига ва сунъий йўлдошларга таъсир қилувчи атмосфера тормозланишининг кучайишига олиб келмоқда. Мутахассислар фикрича, айнан шу омил Probe Aнинг орбитада қолиш муддатини қисқартирган.
Унинг “эгизаги” — Van Allen Probe B эса NASA прогнозларига кўра, камида 2030 йилгача атмосферага кирмайди.
Мавзуга оид
09:15
NASA: Эл-Нино кучаймоқда, 2026 йилда об-ҳаво рекордлари эҳтимоли ортди
09:59 / 29.05.2026
Жефф Безоснинг Ойга учадиган ракетаси синов парвози олдидан портлаб кетди
08:03 / 15.05.2026
Инфографика: дунёда энг кўп сунъий йўлдошга ким эгалик қилади?
08:05 / 05.05.2026