Жаҳон | 08:55 / 21.12.2022
20196
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Путиннинг «махсус ҳарбий операция зонаси»даги видеоси Ростовда олинган

Путиннинг Кремль хабар қилган «махсус операция зонаси»га ташрифи чоғида президент аслида Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи қароргоҳида бўлган, деб ёзади Кремль матбуот хизматининг расмий видеосини таҳлил қилган "Агентство" нашри.

Фото: ТАСС

Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасидаги катта давра суҳбати ва биноларнинг ички кўриниши Путиннинг штабга ташрифи чоғида кўрилган нарсага мос келади

Ноябрь ойида мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам худди шу штабга ташриф буюрган эди. Ўшанда ҳам вазирнинг «махсус операция зонасида» бўлгани айтилган.

Кремль Путиннинг ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига ташрифини Украина президенти Володимир Зеленский сўнгги бир неча ҳафта давомида шиддатли жанглар давом этаётган Бахмутга эълон қилинмаган ташриф билан борганидан бир неча соат ўтиб эълон қилди.

Бундан олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Российская газета» нашрига берган интервюсида президент Владимир Путин ҳарбий амалиётлар ҳудудида бўлгани ва у ердаги қўшинлар қўмондонлари билан суҳбатлашганини айтганди.

17 декабр куни Кремл матбуот хизмати президент Украинадаги ҳарбий амалиётда иштирок этаётган ҳарбий қисм штабида кун бўйи ишлаганини маълум қилган, аммо, уруш ҳудудида бўлганига аниқлик киритмаган эди.

Шундан сўнг, Давлат думаси депутати Андрей Гурулёв ТВ эфирида президент жанговар ҳудудда бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид