Ўзбекистон | 09:00 / 24.12.2022
19521
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors Powertrain Chevrolet Onix ва Tracker учун янги авлод двигателларини ишлаб чиқаради

Кеча UzAuto Motors Powertrain motor заводида (Тошкент) тантанали тарзда янги ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди. Бу воқеани Ўзбекистон автомобилсозлигидаги муҳим ҳодисалардан бири деб аташ мумкин. Заводда янги двигателлар оиласига мансуб CSS Prime ишлаб чиқарилади.

Фото: UzAuto Motors

Янги двигателлар Асакадаги UzAuto Motors заводида ишлаб чиқарилувчи Chevrolet Onix ва Chevrolet Tracker автомобилларига ўрнатилади.

Бугунги кунда UzAuto Motors Powertrain — МДҲдаги ички ёнув двигателларини ҳам бир жойда қуйиб ҳам йиғишга мўлжалланган ягона завод. Бу Ўзбекистонда саноат чиқинди сувларини тескари осмос усулида чуқур тозалаш тизимидан фойдаланадиган биттаю битта заводдир.

 

Ишлаб чиқариш линиясидан унчалик узоқ бўлмаган масофада ишга тушириш тимсоли сифатида қўйилган тугма ўрнатилди. Тадбир меҳмонлари Chevrolet Onix ва Chevrolet Tracker автомобиллари ишлаб чиқарилиши билан танишиши ва кўргазма учун қўйилган двигателларни турли бурчакларидан кузатишлари мумкин эди. 

Таклиф қилинган етакчи ОАВ вакиллари, блогерлар ва завод ҳамкорлари катта қизиқиш билан ушбу линиянинг ишга туширилиши ҳақидаги кичик фильмни томоша қилишди.
Тугмани босиш имконияти корхона Бошқарув директори Саидазим Ғуломов ва пойтахтнинг Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуровга тақдим этилди. Тадбирда сўзга чиққан ҳоким бу заводнинг мамлакатимиз учун муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади: - Бизнинг мутахассисларимиз ҳам замонавий янги двигателларни ишлаб чиқариши инсонга ғурур бағишлайди. Бизнинг мамлакатимиз халқаро брендларнинг юртимизга қизиқишини ошириш, маҳаллийлаштиришни кенгайтиришни устувор масалалардан бири деб билади ва бу заводнинг очилиши ушбу соҳа ривож топаётганининг ёрқин мисолидир.
Лойиҳа раҳбарларидан бири ҳисобланган Саидазим Ғуломов сўзга чиқар экан, бу заводни кичик муддатларда ишга туширишда жонбозлик кўрсатган мутахассисларга ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Бундан ташқари Ғуломов, компания асосий эътиборини инсон ресурсига ва ходимлар малакасини доимий ривожлантиришга қаратишига алоҳида урғу берди.

Янги линияда ишлайдиган корхона мутахассислари: GROB, ADT, HOUSEN, FINE, HEXAGON каби завод линиясидаги ускуналарнинг ишлаб чиқарувчилари тренингларида қатнашди. Бундан ташқари, мутахассислар GMS бўйича ҳам тренингда қатнашган. (GMS — General Motors'нинг халқаро ишлаб чиқариш тизими) Бу двигателларнинг ўзига хос хусусиятлари — улар кучли технологиялаштирилганлиги, ёқилғини кам сарфлаши ва турбиналарга эга экани.

Бу двигателлар UzAuto Motors Powertrain заводида тўлиқ йиғилади, шу сабабли, Onix ва Tracker автомобилларини умумий локализацияси фоизлари ортишига олиб келади.

Двигателлар икки турда ишлаб чиқарилади, атмосферали двигатель CSS Prime 1.2 LIF, қуввати 66 kVt (89 l\s) ва турбонадувли CSS Prime 1.2 L4H, қуввати 97 kVt (131 l\s).

CSS Prime линиясини ишлаб чиқариш учун ажратилган инвестиция миқдори 190 миллион долларни ташкил этади. Линия ишга тушгач заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига тахминан 400 000 донани ташкил этади. (190 000 CSS Prime двигателлари билан) CSS Prime двигателларини териш линиясининг қуриш ишлари 2022 йил январь ойида бошланган эди. Линиянинг тўлиқ ишга тушириш учун бир йилдан камроқ вақт етарли бўлди.
Янги линия Франция, Германия, Хитой ва Корея давлатларининг етакчи ишлаб чиқарувчиларига тегишли ускуналардан ташкил топган бўлиб, 55%и роботлаштирилган.
Ушбу завод 2008 йилда қурилиши бошланган бўлиб, ундан илк двигатель 2011 йилда чиққан.
Айни дамда заводда 1300 нафарга яқин ходим ишламоқда.
Янги двигателлар хавфсизлик, ишончли ва экологик хусусиятлари бўйича барча талабларга жавоб беради.

Мавзуга оид