Жаҳон | 12:45 / 26.12.2022
9178
2 дақиқада ўқилади

Россия мамлакатдан чиқиб кетган фуқаролар учун солиқларни ошириш ниятида

Давлат думаси томонидан солиқ ставкаларини ошириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қуйи палата раҳбари Володиннинг фикрича, Россиядан чиқиб кетганлар учун имтиёзларни «бекор қилиш» керак.

Фото: РИА Новости

Россия Давлат думаси мамлакатдан чиқиб кетган россияликлар учун солиқларни ошириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, деди Россия парламенти қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин. «Россиядан чиқиб кетганлар учун имтиёзларни бекор қилиш ва улар учун оширилган солиқ ставкасини жорий қилиш тўғри. Бу адолатли бўлади. Биз қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар устида ишлаяпмиз», деб ёзди у 25 декабрь, якшанба куни Telegram'даги саҳифасида.

Володиннинг сўзларига кўра, «бугунга қадар кетганлар нафақат Россия компанияларида масофадан туриб ишлашяпти, балки мамлакат қонунчилигига мувофиқ уларга берадиган барча имтиёзлардан фойдаланяпти». Шу билан бирга, «мамлакатни тарк этганлар қайтиб келишлари учун уларга имтиёзлар бериш керак деб ҳисоблайдиганлар» бор ва бу нотўғри, деб таъкидлади Давлат думаси раиси.

Декабрь ойида Россияда ҳукмрон «Ягона Россия» партияси чет элга кетган россияликларга маълум мутахассисликлар бўйича масофадан ишлашни тақиқловчи қонун лойиҳаси устида ишлаётгани маълум бўлди, уларнинг рўйхати ҳукумат томонидан белгиланади. "Вёрстка" нашри чекловлар ахборот хавфсизлиги ва давлат учун муҳим бўлган бошқа қатор соҳалар ходимларига таъсир қилиши мумкинлигини ёзган.

Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлагани ва сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, Россиядан юз минглаб меҳнатга лаёқатли россияликлар, шу жумладан ишбилармонлар, IT-мутахассислар, олимлар, шифокорлар ва мусиқачилар чиқиб кетишди. Улардан қанчаси хорижда қолгани номаълум. Росстат маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида мамлакатдан четга миграция оқими қарийб 96 минг кишини ташкил қилган.

Мавзуга оид