Жаҳон | 07:31 / 26.12.2022
13127
2 дақиқада ўқилади

Хитой кунлик ковид статистикасини эълон қилишни тўхтатди

Хитойнинг коронавирус ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатиш қарори янги инфекция ҳолатларининг улкан тўлқини фонида пайдо бўлди. Хитой расмийлари бундай қадам сабабларини изоҳламади.

Фото: Hector Retamal/AFP/Getty Images

Хитойда коронавируснинг улкан тўлқини чўққисида расмийлар тўсатдан ҳар куни янги инфекциялар ва ўлимлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатди. Тегишли маълумотлар бундан буён Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари томонидан маълумотнома ва тадқиқот мақсадларида эълон қилинади, деб хабар қилди Хитой Халқ Республикаси Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси 25 декабрь, якшанба куни.

Комиссия бундай маълумотлар қанчалик тез эълон қилинишини аниқлаштирмади. Ушбу қарорнинг сабаблари ҳам хабар қилинмаган. Аввалроқ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари бир кун аввал материк Хитойда коронавирусдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаганини маълум қилганди.

Хитойда ҳозир коронавируснинг омикрон варианти авж олиб бормоқда. Шунга қарамай, ХХР ҳукумати ковидга нисбатан ноль бардошлик сиёсатидан воз кечди ва аҳолини синовдан ўтказишнинг қатъий қоидалари ҳамда саёҳат чекловларини бекор қилди. Кўпчилик хитойликлар бу ҳаракатни олқишладилар.

Шу билан бирга, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими касаллар кескин ошиб бораётгани, шифохоналар тўлиб-тошгани, дорихоналарда дори-дармонлар етарли эмаслиги фонида юкламага бардош бера олмаяпти. Мутахассислар январь ойида Хитой янги йилни нишонлаш пайтида вазият янада ёмонлашишини кутишмоқда.

Бир кун аввал Хитойда, ички ҳисоб-китобларга кўра, декабрь ойининг биринчи уч ҳафтасида норасмий ички рақамларга мувофиқ, 248 миллион киши ёки мамлакат аҳолисининг 18 фоизи касаллангани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Мавзуга оид