Ўзбекистон | 08:22 / 27.12.2022
9186
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда уй-жойлар қурилиши кўлами кенгайтирилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Қорақалпоғистон туманларида 2023-2026 йилларда уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш орқали аҳолининг турмуш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига 1,2-иловалар билан: Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда якка тартибда уй-жойлар қурилишининг мақсадли параметрлари; Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда ипотека кредитлари асосида кўп қаватли уй-жойлар қурилишининг мақсадли параметрлари тасдиқланмоқда.

Қуйидагилар белгиланмоқда:

  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар аҳоли пунктларининг ерлари ҳамда қурилиш мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади;
  • ер участкалари фуқароларга онлайн-аукцион орқали мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
  • кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ости ер участкалари тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида реализация қилинади;
  • кўп қаватли уй-жойлар қурилиши якунлангандан сўнг уларга туташ ер участкалари маҳаллий ижроия ҳокимлик органининг тегишли қарори билан кўп қаватли уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади;
  • уй-жойлар қурилиши президентнинг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби асосида амалга оширилади;
  • уй-жойларнинг ташқи муҳандислик тармоқлари ва транспорт коммуникациялари қурилиши бўйича буюртмачи этиб тегишлигига кўра президентнинг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 3-банди “а” кичик бандида кўрсатилган ташкилотларга юклатилади;
  • уй-жойларнинг ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш ҳамда ҳудудларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тегишлигига кўра президент фармонининг 4-бандида кўрсатилган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
  • уй-жойларни қуриш тегишлигига кўра фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
  • кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича техник назорат ишлари тадбиркорлик субъектлари билан тузилган шартномалар асосида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид