Ўзбекистон | 12:02 / 29.12.2022
9861
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Фарзандларимизни алдаб бўлмайди”

“Муаллимнинг ўрнини конституцияда мустаҳкамлаш менинг энг катта ниятим. Токи ўзгарувчан қонунлар билан бу масала ўзгармасин” – деди президент таълим соҳаси вакиллари билан учрашувда.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Конгресс ҳолл”да бўлиб ўтаётган, таълим сифатида оширишга бағишланган учрашувда президент бугунги ёшларни тарбиялаш масаласида ҳам гапирди.

“Биз 5 йил ичида 1000 дан ортиқ мактаб қурдик. 500 мингта ўқувчи ўрни ташкил қилдик ва яна 1,2 млн ўрин режалаштирдик. Умумий ҳисобда 14 трлн сўм, пойтахтнинг ўзига 1,5 трлн сўм маблағ ажратдик. Бу балки кўп туюлар. Лекин мен учун ҳали жуда кам. Ишларимизни жадал давом эттиришимиз керак.

Мен бугун 590 минг нафар устоз-муаллимлар, мураббийларга мурожаат қилмоқчиман. Бугунги ёшларимизнинг талаби жуда катта. Оддийгина телефонни катта авлод тушунмайди. Аммо уни кузатган болаларимиз биз катталарга савол бериб қийин вазиятга солиб қўйишяпти. Дунё воқеаларига оид масалаларга қизиқишяпти. Фарзандларимизни алдаб бўлмайди. Бугун информацион технологияларни синфхонага кирган ўқитувчига нисбатан ўқувчилар кўпроқ билишади, десак тўғри бўлади.

Бугун сиз устозлар билан норасмий тарзда ҳам гаплашмоқчиман. Токи ҳар бирингиз менга муаммоларни бехижолат айтиб беринг. Нималарга мен эътибор берай, қандай таклифлар борки мақсадларимизга эриши учун хизмат қилса. Балки айрим фанларни қисқартирармиз, замонавий фанларни кўпайтирармиз. Негадир бир қисқартиришдан қўрқамиз. Агар бирор фан замонавийликдан ортда қолса, уни сақлаб туришда нима маъно бор? 10 мингдан ортиқ мактабдан 842 тасининг бирорта битирувчиси олий ўқув юртига кира олмаган. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Мен мурожаатномада хорижий тилларни ўрганиш, ўз тилимизга эътиборли бўлиш масалаларига бежиз кўп эътибор қаратмадим. Фарзандларимиз мактабни битирганларида тил билиб чиқишса, уларнинг ишлаш, ўқиш имкониятлари жуда ошади. Биргина мисол, мана шу қийин йилда ҳам Ўзбекистонга 4,5 млндан ортиқ туристлар келишди. Уларга муносиб хизмат кўрсатиш учун ҳам тайёр бўлишимиз керак.

Биз “Болалар ёмон бўлиб кетди” деган фикрдан воз кечишимиз керак. Ўзимизга савол қўяйлик – уларни яхши қилиш учун нималар қилдик?! Барибир улар ўзимизнинг фарзандларимиз. Сизлар билан бир тан-у бир жон бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз шарт” – деди президент тадбир иштирокчиларига қарата.

Мавзуга оид