12:51 / 30.12.2022
45558

«Қонли январ»дан «қонли сентябр»гача — 2022 йилда дунёнинг энг асосий 10 воқеаси

2022 йил давомида халқаро муносабатлар тузилмасида муайян ўзгаришларга олиб келадиган бир қанча жуда муҳим драматик ҳодисалар содир бўлди. Дунё ҳамжамияти оғир иқтисодий, экологик ва геосиёсий беқарорликлар билан юзлашишга мажбур бўлди.  Kun.uz якунланаётган  йил давомида жаҳонда юз берган 10 та энг муҳим воқеани келтириб ўтади.

Фото: Pavel Pavlov/Anadolu Agency

Қозоғистондаги «қонли январ» воқеалари

Жорий йил январ ойининг илк кунлари қўшни Қозоғистондаги инқилобий намойишлар билан ёдда қолди. Ёнилғи нархлари оширилишига қарши бошланган тартибсизликлар мамлакатда кучли резонанс уйғотди. Намойишчилар ҳукумат олдига мамлакатдаги коррупция, қариндош-уруғчилик, бюрократия ва ҳокимиятни норасмий тарзда бошқараётган Элбоши режимини тўлиқ тугатиш талабларини қўйди.

Қозоғистонни январ ойи бошида ёнилғи учун нархлар ошиши ортидан бошланган норозилик намойишлари қамраб олганди. Фото: Reuters

Оммавий тартибсизликлар фонида ҳукумат истеъфога чиқди. Дастлаб, тинч кўринишда бошланган намойишлар кейинги кунларда қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Бунинг оқибатида эса юзлаб кишилар ҳалок бўлди, минглаб кишилар турли даражадаги тан жароҳати билан касалхоналарга ётқизилди. Саросимага тушган президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларини чақирди.

Январ воқеалари Қозоғистондаги сиёсий мувозанатни буткул ўзгартириб юборди. Кўпчилик буни Қозоғистон сиёсий элитасидаги кураш деб ҳам атади. Тўқаев ушбу намойишлар фонида мутлақ бошқарувни қўлга олди. У элитадаги Назарбоев тарафдорларини сиқиб чиқарди, биринчи навбатда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти ҳибсга олинди. Назарбоевнинг қариндошларига қарши кампания бошланди.

Элбошининг Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясига умрбод раислик қилиши ҳақидаги нормалар бекор қилинди. У «Нур Отан» партияси етакчилигидан ҳам кетди. Назарбоев билан ташқи ва ички сиёсат асосий йўналишлари бўйича янги ташаббусларни мувофиқлаштириш зарурати бекор қилинди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши

2021 йил охирида АҚШ ва Буюк Британия разведка идоралари томонидан Россия Украина ҳудудига бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақидаги бир қанча огоҳлантирувчи маълумотлар сиздирилган бўлса-да, Ғарбнинг кўплаб давлатлари етакчилари расмий Москванинг бунга журъат қила олишига ишонишмади. Аммо 2022 йилнинг 24 феврал куни тонгида рус армияси қардош мамлакатнинг ҳарбий инфратузилмаларини демилитаризация ва у ердаги «нацизм»ни йўқ қилишга (денацификация) қаратилган, «махсус ҳарбий операция» сифатида ниқобланган босқинчилик ҳаракатларини бошлади.

Бучада яксон этилган россияликлар колоннаси. Фото: BBC/LEE DURANT

Россия ҳар йили мудофаа учун Украинага нисбатан 10 баравар кўпроқ маблағ сарфлаб келган, армияси уч баравар кўп артиллерияга ва тахминан 10 баравар кўп ҳарбий самолётларга эга эди. Шу жиҳатдан кўпчилик мутахассислар Украина ҳукумати ҳужумдан кейин 72 соат ичида қулаши мумкинлиги ҳақида прогнозлар бера бошлашди. Урушнинг бошланғич даврида рус ҳарбийлари шарқ ва жанубда баъзи ютуқларга эришди. Аммо икки омил: рус армияси урушга тайёр эмаслиги ва украинлар кутилганидан кўра яхшироқ қаршилик кўрсата олгани сабаб Кремлнинг тезда урушни тугатиш режалари амалга ошмади.

Украина таслим бўлмади. Август ойи охири ва сентябр ойи бошларига келиб қарши ҳужумга ҳам ўтди ҳамда Харкив областида босиб олинган ҳудудларни озод этди. Кўп ўтмай рус қўшинлари жанубидаги Херсон шаҳрини ҳам тарк этишга мажбур бўлишди. Украина эса 2014 йилда босиб олган Қримни қайтариб олишга бевосита даъво қила бошлади.

Россиянинг мустақил Украина ҳудудига бостириб кириши муҳим геосиёсий бўлинишни келтириб чиқарди. Ғарб давлатлари Киев атрофида бирлашди ва уни ҳарбий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни бошлади. Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар эса миллий чегаралар муқаддас ва дахлсиз эканини таъкидлашларига қарамай, Россия агрессиясини тўхтатишга қаратилган чора-тадбирларда фаол равишда иштирок этмади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 24 февралдан 18 декабргача бўлган давр оралиғида Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида жами 6826 нафар тинч аҳоли, жумладан, 428 нафар болалар ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 10 минг 769 киши жароҳат олган. Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоб-китоб маълумотларига кўра, Украинани қайта тиклаш учун тахминан 500-600 млрд евро миқдорида маблағ керак бўлади.

Шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши 1949 йилда советлар таҳдидидан ҳимояланиш учун асос солинган Шимолий Атлантика келишуви ташкилотига (NATO) янги импулс берди. Мадридда ўтказилган ташкилот саммитида Швеция ва Финландия алянсга аъзо бўлиш учун расмий таклиф олди. Украинанинг NATOʼга аъзо бўлишини ўзига нисбатан халқаро таҳдид сифатида баҳолаб келган расмий Кремль кейинги йилларда ўз чегараларида янада каттароқ NATO билан юзлашиши мумкин.

АҚШ-Хитой муносабатлари кескинлашуви

Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги «буюк рақобат» жорий йилда ҳам бир қанча омиллар фонида янада кескин тус олди. Вашингтоннинг Шарқий Осиёдаги сиёсати стратегик иккиланиш устига қурилган: Қўшма Штатлар расман «ягона Хитой» сиёсатига амал қилади ва фақат Пекинни тан олади ҳамда Тайван билан эмас, айнан ХХР билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Аммо шу билан бирга Тайван билан иттифоқчилик муносабатларини ҳам сақлаб келади. Хитой эса Тайванни ХХР таркибига кирувчи исёнкор провинция деб билади.

Жорий йил август ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пэлосининг Осиё мамлакатлари бўйлаб турнеси доирасида Тайванга келиши, Хитой ва Тайван маъмурияти ўртасидаги муносабатларни ниҳоятда кескинлаштириб юборди. Ташриф давомида Тайванни Вашингтоннинг қўллаб-қувватловига ишонтирган Пэлоси хоним 25 йил ичида ушбу ҳудудга ташриф буюрган Қўшма Штатлар Конгресси Вакиллар палатасининг биринчи спикери бўлди.

Бунга жавобан, расмий Пекин Тайван бўғозидаги ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотларини кучайтирди ва тўғридан тўғри таҳдидли баёнотлар билан чиқа бошлади. Ушбу ташрифга Хитойнинг ўта агрессив муносабати икки давлат ўртасидаги муносабатлар қанчалик кескинлашганини кўрсатди.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден CBS телеканалига берган интервьюсида америкалик ҳарбийлар Хитой бостириб кирган тақдирда Тайванни ҳимоя қилишини маълум қилди. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: агар АҚШ Хитойга Тайванни эгаллашга рухсат берса ва жавоб ҳаракати амалга оширмаса, Япония, Австралия, Ҳиндистон ҳамда дунёнинг шу қисмидаги барча бошқа давлатлар, жумладан, Жанубий Корея ҳам АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқади. Бу эса Хитойга қўшниларига босим ўтказиш учун улкан географик ва стратегик афзалликлар беради ҳамда АҚШнинг минтақадаги таъсирини кескин равишда чеклаб қўяди. Шу жиҳатдан, Тайван атрофидаги ҳар қандай можаро Хитой-АҚШ муносабатларидаги таранглик кучайишига олиб келиши мумкин.

Жо Байден маъмуриятининг 2022 йил октябр ойида эълон қилинган Миллий мудофаа стратегиясида ҳам Хитойнинг ўсиб бораётган ҳарбий ва иқтисодий қудрати АҚШ хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида очиқдан очиқ эътироф этилди.

Буюк Британиядаги сиёсий беқарорлик

Бир пайтлар дунёнинг энг қудратли империяси бўлган Бирлашган Қиролликда атиги 4 ой ичида 3 нафар бош вазир, 4 нафар молия вазири алмашди. Дунёдаги энг узоқ ҳукмронлик қилган монархини йўқотди. 

Фото: Getty Images

2019 йилдан бери мамлакат бош вазири лавозимида ишлаб келаётган Борис Жонсон ҳукумат аъзоларининг мисли кўрилмаган даражадаги босими натижасида истеъфога чиқди. Унинг ўрнига келган ва янги «темир хоним» сифатида эътироф этилган Лиз Трасс ҳам бор йўғи 45 кун ишлади ва Британия тарихига энг қисқа муддат фаолият юритган бош вазир сифатида кирди. У ўз сиёсатида қаттиқ «Брекзит», иқтисодиётни тўлиқ тартибга солиш, солиқларни камайтириш ва ижтимоий харажатларни кўпайтиришни қўллаб-қувватлади. Аммо бу акс таъсир берди, чунки бу ислоҳотлар кўпроқ бойлар учун фойдали эди. Солиқларни камайтиришнинг ўзи Британия ғазнасини 45 миллиард фунтдан қуруқ қолдирарди. Янги харажатлар ва қарзларни тўлаш шубҳасиз давлат иқтисоди ҳамда ғазнаси учун жуда оғир юк бўлар эди. Фунт стерлинг долларга нисбатан тарихдаги энг паст даражага тушди. Давлат облигациялари нархи кескин даражада пасайиб кетди.

Трасс хоним эса иккинчи Тэтчер бўла олмади ва ҳукуматдан кетди. 25 октябрда бош вазир лавозимини ҳинд миллатига мансуб Риши Сунак эгаллади.

Фото: ALBERTO PEZZALI/ASSOCIATED PRESS

Йил давомида мамлакатдаги норозилик кайфияти кучайиб кетишига «Брекзит» тарафдорлари ваъда қилган иқтисодий фойда сезилмаётгани ҳам катта таъсир ўтказмоқда.

Шунингдек, сентябр ойида Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. У 70 йил мобайнида Буюк Британия, Канада, Австралия ва яна 12 мустақил давлат ҳукмдори бўлиб қолаётганди. Елизавета II тахтга 1952 йил 6 февралида, Уинстон Черчилл бош вазирлиги пайтида чиққан эди. Унинг ўлимидан кейин катта ўғли Чарлз мамлакатнинг янги қиролига айланади.

Озарбойжон-Арманистон можароси

Бир неча ўн йиллардан бери дунёдаги энг «қайноқ нуқта»лардан бири бўлиб қолаётган Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги вазият яна кескинлашди.

Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги 90-йиллар бошидаги бир неча йиллик тўқнашувлар 2020 йилнинг кузида янгича куч билан ўт олиб, Арманистоннинг узил-кесил мағлубияти билан тугаганди. Ўт очишни тўхтатишга келишув асносида Озарбойжон Қорабоғнинг қарийб барча ҳудуди, шунингдек, илгари Арманистон томонидан босиб олинган барча туманлар устидан назорат ўрнатган эди.

Фото: AA

Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон-Озарбойжон чегарасида навбатдаги тўқнашувлар бошланди. Ҳар икки томон бир-бирини айблаган ушбу можаро анча жиддий тус олди. Озарбойжон бу сафар нафақат чегара шаҳарлари, балки ўзи ҳам Арманистон ҳудуди деб тан олувчи Жермук ва Варденис шаҳарларига ҳам зарба берди. Озарбойжон дронлари Арманистоннинг чегара позициялари ва таъминот нуқталарини нишонга олди. Минтақадаги хавфсизликка кафил бўлиши керак бўлган расмий Кремль бу ишни уддалай олмади. Натижада ҳар икки томондан 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ереван ва Боку куч ишлатишдан тийилишга келишиб олган бўлса-да, озар-арман чегарасидаги вазият исталган пайт янада кескинлашиши мумкин.

Эрондаги норозилик намойишлари

Сентябр ойида Теҳронда 22 ёшли Маҳса Аминий ҳижобни нотўғри ўрагани учун «ахлоқ полицияси» томонидан қўлга олинади. Сўнгра қиз шифохонада сирли тарзда вафот этади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, полициячилар қизни қаттиқ калтаклаган. Хавфсизлик кучлари эса Аминий юрак хуружидан вафот этгани ҳақида баёнот берди. Бунинг ортидан Эронда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Мутахассислар томонидан ушбу ҳаракатлар ҳукумат 1979 йилда ҳокимиятга келганидан бери дуч келган энг йирик ғалаён сифатида баҳоланмоқда. «Аёллар, ҳаёт, эркинлик!» шиори остидаги норозилик намойишлари тезда бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва ҳануз давом этмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Эрондаги намойишлар чоғида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини текшириш бўйича халқаро миссия тузиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, намойишлар чоғида қўлга олинган эркак ва аёллар маҳаллий қамоқхоналарда жинсий зўравонлик ва қийноқларга учраган. Айниқса бу ҳолат Курдистон ва Белужистон каби этник озчиликлар яшайдиган ҳудудларда кескин тус олган.

Намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун машина сигналларини чалган оддий одамлардан тортиб, адвокатлар, таниқли шахслар, спорт юлдузлари ва фуқаролик жамияти арбобларигача ҳибсга олинди. Эрон инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлигининг маълум қилишича, декабр ойи ҳолатига кўра, 458 киши, жумладан, 63 бола ҳалок бўлган ва бир неча юзлаб инсонлар жароҳатланган, 18 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Эрон етакчилари АҚШ ва Исроилни норозилик намойишларини уюштирганликда айбламоқда, аммо бунга далиллар йўқ. Ҳукумат ҳарбийлар, полиция ва хавфсизлик кучларини сафарбар этиб, намойишчиларни бостирмоқда. Бироқ бу келажакда ҳукуматга қарши йирик норозилик тўлқинларининг олди олинишига кафолат бермайди ва мухолифат кучлари шаклланадиган бўлса, сиёсий режим қулашига ҳам олиб келиши мумкин.

Covid-19’нинг чекина бошлаши ва Хитойнинг «Сovid Zero» сиёсати

Жорий йил давомида кўплаб мамлакатлар пандемия сабабли ўзлари ўрнатган блокировкалар, саёҳат чекловларидан воз кеча бошлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейсуснинг таъкидлашича, йил охирига келиб Covid-19 касаллигидан ўлганлар сони январ ойига қараганда деярли 90 фоизга камайган. Эмлаш ёки аввалроқ одамларнинг коронавирус билан касаллангани туфайли дунё аҳолисининг камида 90 фоизида иммунитет шаклланган. Аммо ушбу тенденциядан узилиб қолган истисно мамлакат бор. Бу – Хитой. Расмий Пекин коронавирус кенг тарқалган аҳоли яшаш манзилларида қатъий чекловлар жорий этиш сиёсатидан воз кечмади. Хитой компартияси қурултойида ковидга қарши «нол бардошлик» сиёсати муваффақиятли деб баҳоланди. Аммо йил охирига келиб мамлакатда локдаунларга қарши оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Ҳукумат ён беришга мажбур бўлди ва чекловларни юмшатди. Шундан сўнг вазият янада кескинлашди. Декабрнинг 20 куни давомида тахминан 250 млн киши вирус юқтирган, бу мамлакат аҳолисининг 18 фоизини ташкил қилади. Мамлакатда касалланишлар сони бўйича расмий статистикани эълон қилиш тўхтатилди.

Олимлар фикрича, дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ Хитойда коллектив иммунитет шаклланмаган, боз устига Хитой вакциналари самарадорлиги ҳам яхши эмас. Шу сабабли бошқа мамлакатларда ўлим кўрсаткичи кам бўлган омикрон Хитойда 1 миллионгача ўлимга олиб келиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: AFP 

Йил охирида Хитойда касалланишлар сони кескин равишда ошиб кетиши 2023 йилда жаҳон иқтисодиётидаги таъминот занжирларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Покистондаги иқтисодий инқироз ва сиёсий ўзгаришлар

2022 йил Покистон учун ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам сиёсий жиҳатдан жуда оғир келди. Покистон парламенти апрел ойида 2018 йилдан буён мамлакатга бош вазирлик қилиб келаётган Имрон Хонга ишончсизлик вотуми эълон қилди ва уни лавозимидан четлатди. Хон Россия билан яқин алоқалар ўрнатганди. Хусусан, у 23 феврал куни, Украинадаги вазият туфайли Россиянинг Ғарб билан муносабатлари анча кескинлашган паллада Москвага ташрифини амалга оширди. Россия пойтахтига сафарининг иккинчи куни эса Россия ҳарбийлари Украинага бостириб киришни ва Украина шаҳарларини ўққа тутишни бошлаган 24 февралга тўғри келди.

Имрон Хон ҳокимиятда турган йиллардан бошлаб Покистоннинг АҚШ билан муносабатлари совуқлаша бошлаганди. Бу расмий Исломободнинг минтақа ва жумладан, Афғонистондаги роли билан боғлиқ эди. Бундан ташқари, Имрон Хон Жанубий Осиёда кўпроқ мустақил ҳаракат қила бошлади. Мутахассислар юқоридаги икки омил билвосита унинг ҳокимиятдан кетишига сабаб бўлганига урғу беришади. Хоннинг лавозимдан четлатилиши ортидан «Покистон мусулмонлари лигаси» партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг янги бош вазири этиб сайланди. Имрон Хон эса ҳокимиятга қайтиш учун бир қанча норозилик ҳаракатларини ташкил қилди. Ноябр ойида унга қарши муваффақиятсиз суиқасд уюштирилди. У суиқасдда Шариф ва юқори мартабали ҳарбий амалдорларни айблади ва мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилди.

Фото: AP

2022 йилда Покистон оғир иқтисодий инқирозни ҳам бошидан кечирмоқда. Ёзда мамлакатда охирги 30 йил ичидаги рекорд даражада ёғингарчилик юз берди. Муссон ёмғирлари сабабли дарёлар тошиб, улкан майдонлар сув остида қолди. Бундан 33 миллион киши, яъни ҳар етти покистонликдан биттаси зарар кўрди, 1730 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 8 миллиондан ортиқ одам яшаб турган жойидан бошқа ҳудудга кўчирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, умумий иқтисодий зарар 40 миллиард долларни ташкил этган. Мамлакатдаги миллий қашшоқлик даражаси 3,7-4 фоиз пунктга ошиши прогноз қилинмоқда. Инфляция даражаси сўнгги 47 йиллик энг юқори даражагача кўтарилди.

Покистондаги иқтисодий ҳолат ёмонлашуви эса оғир гуманитар инқирозни бошидан кечираётган Афғонистонда вазият янада мураккаблашишига сабаб бўлиши мумкин.

Юқори инфляция

2022 йилда бутун дунё бўйлаб инфляция кескин ўсиши кузатилди. Нархлар ошишига талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат бузилиши сабаб бўлди. Кўп йиллар давомида ҳукуматларнинг юмшоқ пул-кредит сиёсати ва Сovid-19 пандемияси даврида иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун давлат харажатлари ошиши истеъмолчилар чўнтагида кўпроқ пул тўпланишига олиб келди. Аввалига пандемия, кейин эса Россиянинг Украинага бостириб кириши глобал таъминот занжирларида кенг турдаги товарлар танқислигини келтириб чиқарди. Давлат раҳбарлари ўсиб бораётган жамоатчилик ғазабини бартараф этиш учун курашга мажбур бўлишди. Инфляциянинг асосий ечими фоиз ставкаларини оширишдир. Бироқ бу таъминот занжири узилишларини ҳал қилиш имконини бермайди ва рецессия хавфини келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, юқори фоиз ставкалари кўплаб камбағал мамлакатлар учун қарз инқирозига олиб келади.

Иқтисодий инқироз натижасида ривожланаётган мамлакатлар ривожланган мамлакатларга қараганда тезроқ қашшоқлашади, чунки озиқ-овқат ва энергия ресурслари жаҳон бозоридаги нархлари ошиб бормоқда. Шунингдек, ривожланаётган мамлакатларнинг озиқ-овқат, ёқилғи, технология ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш учун хорижий валютадаги қарз ставкаларига боғлиқлик даражаси ҳам юқори даражада. 

Кучайиб бораётган иқлим ўзгариши

Тахминан бундан 40 йил олдин олимлар эҳтимолий иқлим ўзгаришларининг ҳалокатли оқибатлари ҳақида огоҳлантириш билан чиққан эди. 2022 йилга келиб, инсоният иқлим ўзгаришининг аянчли оқибатларини олдингига нисбатан ҳам кўпроқ ўз таналарида ҳис қилишга мажбур бўлди. Бир пайтлар камдан кам учрайдиган экстремал об-ҳаво ҳодисалари одатий ҳолга айланди. Европада ўрмонларни ёқиб юборган ва дарёларни қуритадиган рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинлари кузатилди. Покистонда муссон ёмғирлари миқдори ошиб, мамлакатнинг учдан бир қисми сув остида қолди. АҚШнинг жануби-ғарбида рекорд даражадаги қурғоқчилик кузатилди, бу эса Меад кўли каби сув ҳавзаларини қисқартирди ва экинлар ҳосилдорлигини пасайтирди.

Меад кўли Фото: Jim Ruymen/UPI/Shutterstock

Европа Россияга нефт ва газ қарамлигидан қутилишга шошилди ва иқтисодиётини «яшил қайта қуриш» режалари барбод бўлди. Улар «ифлос» кўмир ва ядро ёқилғисини «тоза» табиий газга алмаштиришга ҳаракат қилаётган эди.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган БМТнинг иқлим бўйича йиғилиши – СОP27 бу йил Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида ўтказилди. Ниҳоят ушбу йиғилишда ривожланган давлатларнинг камбағал мамлакатлар фойдасига товон пули тўлаши бўйича келишувга эришилди. Аммо ушбу саммитда ҳам асосий мақсад – чиқиндиларни камайтириш бўйича якдил қарор қабул қилинмади. Буюк Британия, Европа Иттифоқи давлатлари ва Янги Зеландия каби ривожланган мамлакатлар иқлимни энг ифлослайдиган маҳсулотдан – кўмирдан фойдаланишни қисқартириш масаласини эътиборсиз қолдирди. Якуний келишувда ҳам давлатлар қазиб олинадиган ёнилғилардан фойдаланишни камайтириш мажбуриятини қабул қилмади. Ушбу йиғилиш натижаларини иқлимшунослар «бу йил ҳам бой берилган имконият» дея тавсифлашди.

БМТга кўра, охирги 20 йилда дунё бўйича табиий ҳалокатлар сабаб 1,2 миллион одам ҳалок бўлган. Кейинги 30 йилга қилинаётган башоратларга қараганда, дунё иқтисодиёти иқлим ўзгариши натижасида 8 триллион доллар маблағ йўқотиши ёки ЯИМ 3 фоизгача пасайиши мумкин.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Top