Андижон вилояти ҳокими 2022 йилнинг илк кунларидаёқ жамоатчилик эътиборига тушди. Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташрифидан кейин, мораторийга қарамасдан, Андижондаги туғуруқхона ҳовлисида 12 туп дарахт кесиб ташланди. Марказ ходимларидан бири Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кесиш вилоят ҳокимининг топшириғига асосан қилинганини айтган бўлса-да, якунда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи жазога тортилди.

Бу хабар совиб улгурмасидан йилнинг энг шов-шувли воқеаси юз берди – Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбурланди. Тумандаги 72-сонли ихтисослаштирилган мактабда 300 нафардан ортиқ ота-она қаршисида мактаб жамоаси бошини эгганча кечирим сўрашди. Гувоҳларнинг айтишича, бу – туман ҳокими Бобурбек Йўлдошевнинг ташаббуси бўлган. Топшириқ ижросини таъминлаш ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова зиммасига юкланган.

Бу узрбозлик жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Вилоят ҳокими, туман ҳокими ва вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи узр сўраб, чиқиш қилишди. Якунда эса туман ҳокими ҳайфсан билан қутулди, унинг ўринбосари, ХТБ мудираси ва мактаб директори ишдан олинди.

“Андижонча” тажрибаларнинг ҳаммаси ҳам ўзини оқлайвермайди. Шундай тажрибалардан бирида бозорда 35-45 минг сўм атрофида сотилаётган товуқлар аҳолига 85-95 минг сўмдан ўтказилди. Камига кредитга. 100 та товуқ бир кунда нари борса 30 та тухум қўйган. Уларнинг катта қисми эса нобуд бўлган. Маҳаллий бюджетнинг 10 миллиард пули паррандачиликка йўналтирилиб, хонадонларга товуқ берилган. Лекин одамлар ҳокимлик ташаббуси билан банклар орқали кредитга берилаётган товуқларнинг нархи бозордагидан икки-уч баробар қиммат экани, тухум қилмаётгани, касалликка чалиниб тез ўлиб қолаётгани ва дон билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётганидан норози бўлишган. Оқибатда эса бу ташаббус ҳам охирига етмасдан тўхтатилди, бюджетдан 10 миллиард пул сарфлангани қолди холос.