17:09 / 03.01.2023
10843

1 январдан Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида Tax Free тизими жорий қилинди

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

1 январдан эътиборан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари иш бошлади.

Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) суммаларини қайтариб олиш имконини беради. 

Кешбэк тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг «Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган. Бу рўйхатдан сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган.

ҚҚС тўловини қайтариш учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб, бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарлар барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, кешбэкни расмийлаштиради. 

Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммаси 90 фоизигача кешбэк олиши мумкин. Кешбэк йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин тўлаб берилади.

Top