Жаҳон | 11:20 / 05.01.2023
33657
17 дақиқада ўқилади

Урушда олинмаган кадрлар. 2022 йил суратларда

Украинадаги уруш нафақат ахборий жиҳатдан, балки визуал жиҳатдан ҳам 2022 йилнинг асосий кун тартибида бўлди. Йилнинг асосий кадрлари — қочқинлар, қурбонлар ва ярадор бўлганлар суратлари, қўрқинчли жанглар, ўлим келтирувчи бомбардимонлар ва Россия тажовузининг бошқа оқибатлари бўлди. Бундай кадрлардан фотожамланма аввалроқ тақдим этилганди. Ўтган йилда  фотографлар дунёда содир бўлган бошқа муҳим воқеаларни ҳам тасвирга олишда давом этишди. Қуйида «Медуза» фотомуҳаррирлари томонидан сараланган йил суратлари.

Олмаотада қуролланган полициячи намойишчилардан бирини қўлга олмоқда, 2022 йил 8 январ. Йил бошида Қозоғистонда иқтисодий талаблар билан бошланган намойишлар тартибсизликлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларга айланиб кетганди. Намойишчилар ҳукумат истеъфога чиқишига, ёнилғи нархлари кўтарилмаслигига ва собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий мақоми пасайтирилишига эришди. Ўшанда намойишларни бостиришда ёрдам бериш учун Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар миссияси ҳам киритилганди. Кўчалардаги тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди.
Василий Крестьянинов / AP / Scanpix / LETA
Калифорниянинг Сан-Клементе шаҳридаги пляждаги қутқарувчи АҚШ Мустақиллиги кунидаги салютни томоша қилмоқда, 2022 йил 4 июл.
Jae C. Hong / AP / Scanpix / LETA
Советларнинг илк атом сувости кемаси, 1957 йилда сувга туширилган K-3 «Ленинский комсомол» Кронштадт кўчалари бўйлаб махсус платформада олиб ўтилмоқда, 2022 йил 12 октябр. 2023 йилда сувости кемаси Кронштадтдаги Ҳарбий-денгиз шуҳрати музейидаги асосий экспонатга айланади.
Дмитрий Ловецкий / AP / Scanpix / LETA
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги кенг кўламли уруш бошланишидан икки ярим ҳафта олдин, 2022 йил 7 февралида Кремлда — машҳур оқ столида (узунлиги олти метр) Франция президенти Эммануэл Макронни қабул қилмоқда — бу стол Россия давлат раҳбарининг ҳатто ўз яқин кишиларидан ҳам ижтимоий узоқлашуви рамзига айланганди. Макрон урушдан олдин ва урушнинг илк ҳафталарида Путин билан музокаралар ўтказиш тарафдори эди, аммо у французлар раҳбари ҳатто жами 100 соатлик мулоқотлардан кейин ҳам уни Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб кетишга кўндира олмади.
AFP / Scanpix / LETA
Киевдаги ташландиқ завод ҳудудида ҳарбий инструктор фаолларни ўқотар қурол билан (аниқроғи — АК-47) муомила қилишга ўргатмоқда, 2022 йил 30 январ. Кенг кўламли босқин бошланишига ҳали бир ойча вақт бор эди — аммо Украина пойтахти аҳолиси ҳарбий таҳдидларни қайтаришга тайёрлана бошлаганди. Машғулотлар «Азов» полкига яқин бўлган «Миллий корпус» сиёсий партияси томонидан ташкиллаштирилган.
Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA
2021 йил декабрида «Ҳаббл» телескопи ўрнига ишга туширилган «Жеймс Уэбб» космик телескопи коинот ичкарисидан тарихдаги энг аниқ ва батафсил инфрақизил тасвирларни узатди, NASA бу тасвирларни 2022 йил 11 июлида эълон қилди. Тасвирлар SMACS 0723 галактикалар тўплами «4,6 миллиард йил муқаддам қандай бўлгани»ни кўрсатади ва «осмонни қум заррасидек ўлчамда жамлайди».
NASA / ESA / CSA / STScI
Ҳавайидаги Мауи оролида жойлашган Халеакала обсерваториясида Даниэл Иноуи номидаги қуёш телескопи тўлиқ ишга туширилган вақтдаги Қуёшнинг кўринадиган юзаси сурати. Тасвир 2022 йил 7 сентябрида намойиш этилган. У 82 минг километрлик юзани акс эттиради — бу Ер диаметридан икки баробар катта (тасвирдаги бир пиксел 18 километрга тўғри келади).
NSO / AURA / NSF
Калифорниянинг Марипоза округидаги уйлардан бирида аланга ичида қолган мебеллар, 2022 йил 23 июл. Округда ўрмон ёнғинлари август ойи ўрталарига қадар тинмади. Бу вақт давомида олов саккиз минг гектар майдонга тарқалди ва 200 га яқин турар жойлар ва хўжалик биноларини йўқ қилди. Офатга қарши кураш учун маҳаллий ҳукумат 93 миллион доллар сарфлади.
Noah Berger / AP / Scanpix / LETA
Будда монахи Таиланд ҳукумати сиёсати ва Бангкокдаги форум чоғида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги давлатлари саммитига қарши намойишга чиққанларга куч ишлатмасликни кўраб полицияга мурожаат қилмоқда, 2022 йил 16 ноябр.
Vichan Poti / Pacific Press / SIPA / Scanpix / LETA
Санкт-Петербургда Фонтанка дарёсидан ўтган кўприкда осилган «Нет войне» баннери, 2022 йил 23 феврал. РФнинг Украинага кенг кўламли босқин арафасидаги акция аноним фаоллар томонидан уюштирилган, улар телеграм-каналлардан бири орқали шу тариқа «оддий фуқароларга урушнинг ҳақиқий юзи — қон рангида бўлиши»ни етказмоқчи бўлишганини билдиришган.
Давид Френкель / «Медиазона»
Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқинига қарши намойиш иштирокилари, 2022 йил 24 феврал. «Гостиный Двор» метро бекати яқинидаги майдонда урушнинг илк куни кечқурун икки мингга яқин киши тўпланади. Йиғилганларнинг 500 нафарга яқини қўлга олинади.
Антон Ваганов / Reuters / Scanpix / LETA
Москва шаҳридаги Лефортово район судининг Владимир области Покров шаҳридаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисидан телетрансляция вақтида олинган фото, ўшанда, 2022 йил 15 февралида шу ерда жазони ўтаётган Алексей Навальнийга нисбатан фирибгарлик ва судни ҳақорат қилиш ҳолатлари бўйича иш кўриб чиқилганди. Суддаги танаффус вақтида сиёсатчи рафиқаси Юлия билан гаплашмоқда. Март ойи охирида суд уни жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўташ шарти билан 9 йил қамоқ жазосига ҳукм қилади. Навальний жазони худди шу Владимир областидаги ИК-6 колониясида ўтамоқда. Қамоқхона маъмурияти сўнгги ойлар давомида майда қоидабузарликларни баҳона қилиб, мухолифатчига қўшимча санкциялар қўллаб келмоқда.
Александр Неменов / AFP / Scanpix / LETA
Женевадаги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мажлиси чоғида РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров видеоалоқа орқали сўзга чиққанида дипломатлар Россиянинг Украинага қарши тажовузига норозилик сифатида зални тарк этишмоқда, 2022 йил 1 март. Россия ТИВ раҳбари санкциялар туфайли Швейцарияга шахсан ташриф буюра олмаганди. Бундай демарш кейинчалик Лавровнинг БМТнинг Қуролсизланиш бўйича конференцияси чоғидаги чиқишида ҳам такрорланади.
Salvatore Di Nolfi / Keystone / AP / Scanpix / LETA
Полшанинг Познан шаҳридаги «Арена» спорт-кўнгилочар комплекси ҳудудида ташкил этилган вақтинча пунктга жойлаштирилган украиналик қочқинлар, 2022 йил 18 март. Полша Евроиттифоқда урушдан қочган украинларни энг кўп миқдорда қабул қилган давлат бўлади: мамлакатда расман 1,4 миллион киши бошпана олган.
Piotr Skornicki / Agencja Wyborcza.pl / Reuters / Scanpix / LETA
Сиёсий фаоллар 2022 йил 9 май куни совет аскарларининг мавзолейига келган РФнинг Варшавадаги элчиси Сергей Андреевнинг юзига қонни ифодаловчи қизил бўёқ сепишди. Акция иштирокчилари шу тариқа Россия Украинада бошлаган урушга эътирозларини билдиришган.
Maciek Luczniewski / AP / Scanpix / LETA
Филиппиннинг Сан-Ильдефонсо муниципалитетида яшовчи аҳоли «Нору» тўфони келтириб чиқарган сув тошқинидан кейин шаҳар кўчалари бўйлаб фақат сузган ҳолатда ҳаракатланиши мумкин эди, 2022 йил 26 сентябр. Ўшанда Жанубий-Шарқий Осиёдаги табиий офат қурбонлари сони 40 нафарни ташкил этади, ундан кўрилган зарар миқдори эса 100 миллион доллардан ортиққа баҳоланади.
Eloisa Lopez / Reuters / Scanpix / LETA
Лувр хавфсизлик хизмати ходими музейнинг асосий экспонатларидан бири —Леонардо да Винчининг «Мона Лиза» картинасини ҳимоя қилувчи ойнадан экофаоллардан бири сепган кремни артиб ташламоқда, 2022 йил 29 май. Коляскадаги кекса аёл қиёфасида келган экофаол полотнога торт бўлагини отган, шу вақтнинг ўзида атроф-муҳит муҳофазаси муҳимлиги ҳақидаги шиорни айтиб ҳайқирган. Эковандализм 2022 йилнинг ҳақиқий трендига айланди: кейинроқ фаоллар Винсент Ван Гог, Клод Моне, Густав Климт ва бошқа таниқли рассомларнинг асарларига ҳужум уюштиришди.
@Klevisl007 / AP / Scanpix / LETA
Марокаш шимолидаги Игран қишлоғида 32 метрли қудуққа қулаб тушган Райян исмли болани қутқариш учун параллел қазилган қудуқда турган фавқулодда хизматлар ходимлари ва кўнгиллилар, 2022 йил 4 феврал. Бу ҳолат бутун дунё диққат марказида бўлди, қутқарув амалиёти маҳаллий телевидениеда жонли трансляция қилинди. Аммо болани сақлаб олишнинг имкони бўлмади.
Mosaʼab Elshamy / AP / Scanpix / LETA
Маҳаллий аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангач, локдаунга ёпилган квартални ўраб турган девор тирқишидан мўралаётган киши, Шанҳай, 2022 йил 7 июн. Фақат йил охирига келиб, йирик шаҳарлардаги давомли норозилик намойишлар туфайли Хитой ҳукумати COVID-19 га қарши «нол бардошлилик» сиёсатини юмшатишга мажбур бўлди. Ҳозирда мамлакатда ушбу «либераллаштириш» туфайли касалланишнинг кучли тўлқини кечмоқда.
Aly Song / Reuters / Scanpix / LETA
Япониянинг собиқ бош вазири Синдзо Абэ Нара шаҳридаги митингда чиқиш қилаётганида суиқасд қурбонига айланади, 2022 йил 8 июл. Гумонланувчи ўз ҳаракатини қандайдир диний ташкилотдан қасд олиш мотиви билан изоҳлайди, унинг фикрича, ушбу нуфузли сиёсатчи бу ташкилот фаолиятига алоқадор бўлган.
Kyodo / Reuters / Scanpix / LETA
Россия ва Грузия чегарасидаги «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктида юзага келган тирбандликнинг сунъий йўлдош орқали олинган тасвири, 2022 йил 27 сентябр. Сафарбарликдан қочган россияликлар чегарани кесиб ўтиш учун кунлаб навбатда туришган.
Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA
Сафарбар қилинганларни Украинадаги урушга тайёрланиш учун полигонга жўнаш олдидан кузатиб чиққан яқинлари ва оила аъзолари, Томск, 2022 йил 28 сентябр. Россияда сафарбарлик амалда якунланмаган.
Ваня Русский / Коммерсантъ / Sipa USA / Vida Press
Дунёдаги энг йирик иккинчи балиқ овловчи кема, Нидерландиянинг «Маргирис» траулери Франция соҳиллари яқинида Атлантика океанига 100 мингдан ортиқ ўлик балиқларни ташлаб юборади. Ҳодиса тармоқдаги шикастланиш туфайли рўй берганди ва амалдорлар ҳамда экофаолларнинг шовқинли реакциясини келтириб чиқаради: Франция денгиз вазири Анник Жирарден, табиатни муҳофаза этувчи органларни ушбу ҳолатни синчиклаб текширишга чақиради, экологлар эса яна бир бор дунёнинг турли чеккаларидаги балиқ захираларини йўқ қилиб юборувчи бундай кемаларда балиқ овлашга қарши чиқишади.
Sea Shepherd
Болтиқ денгизида «Шимолий оқим» газ қувуридан газ чиқиб чиққан жойнинг кўриниши, 2022 йил 30 сентябр. Бу йилнинг энг жумбоқли диверсияси бўлди — «Шимолий оқим» қувуридаги портлашлар серияси —РФ ва Европа ўртасидаги газ можароси авжига чиққанида рўй берди ва кўп вақтгача уларнинг энергетик ҳамкорлиги «урушга қадар» бўлган даврдаги масштабда тикланиши имкониятларини сўроқ остида қолдирди. Бу ҳодиса ортида кимлар турганини аниқлаш бўйича текширувлар давом этмоқда.
Danish Defence Command / Reuters / Scanpix / LETA
Москвада сафарбарликка қарши акция иштирокчисининг қўлга олиниши, 2022 йил 24 сентябр. Шу куни пойтахт бўйлаб жами 400 дан ортиқ намойишчи полиция бўлимларига етказилади.
Михаил Терешченко / ТАСС
Херсон ва Запорижжя областларининг аннексия қилинган ҳудудлари раҳбарлари Владимир Сальдо ва Евгений Балицкий, РФ президенти Владимир Путин, аннексия қилинган «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари Денис Пушилин ҳамда Леонид Пасечник (чапдан ўнгга) «Россия таркибига қўшилиш» бўйича келишувни имзолаш чоғида, Кремль, 2022 йил 30 сентябр. Бу мамлакат қонунчилигига зид бўлишига қарамай, 5 октябрда аннексия жараёни юридик жиҳатдан якунланади. Аммо бу вақтда украинлар аннексия қилинган ҳудудларни қайтариб ола бошлади.
Getty Images
Қиролича Елизавета II жасади ортилган катафалк Виндзор қалъаси томон кетмоқда, у шу ерда дафн этилган, 2022 йил 19 сентябр. Қироличанинг вафотидан кейин Буюк Британияда умуммиллий мотам эълон қилинган, монархнинг дафн маросимига эса хорижий давлатлардан 500 га яқин юқори мартабали расмийлар келган (аммо РФ ва Беларусдан эмас — улар таклиф этилмаган).
Евгений Фельдман / «Медуза»
Грециянинг Китира ороли соҳиллари яқинида кема ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлган мигрантлар жасадлари, 2022 йил 6 октябр. Эрон, Ироқ ва Афғонистондан келаётган мигрантлар бўлган ва Туркиядан Греция томон ҳаракатланган иккита парус қайиқ пўртана вақтида қояли соҳилга урилган. 22 киши ҳалок бўлган, яна ўндан ортиқ киши бедарак йўқолган, 80 дан ортиқ жабрланувчи қутқариб қолинган.
Thanassis Stavrakis / AP / Scanpix / LETA
Яна бир қутқарув амалиёти: Италия соҳил қўриқлаш хизмати ходимлари қайиқда Лампедуза ороли томон сузиб келган бангладешлик ва мисрлик мигрантларни кемага олмоқда, 2022 йил 25 январ. Камида етти кишини қутқаришнинг имкони бўлмаган — улар музлаб қолиш оқибатида вафот этишган. Лампедуза —  Африка ва Осиё мамлакатларидан келувчи ноқонуний мигрантлар маршрутидаги якуний нуқталардан бири ҳисобланади: оролга ҳар ойда янги ҳаёт излаб Европага йўл олган юзлаб кишилар қабул қилинади.
Pau de la Calle / AP / Scanpix / LETA
Исроиллик полициячилар ҳамда «Ал-Жазира» телеканали журналисти Ширин абу Акленинг дафн маросимига келган кишилар ўртасидаги тўқнашув, 2022 йил 13 май. Чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида Яқин Шарқдаги можарони ёритиш билан шуғулланиб келган Абу Акле исроиллик ҳарбийлар Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрида фаластинлик қочқинлар лагерига уюштирган рейд вақтида ўққа учиб ҳалок бўлганди.
Maya Levin / AP / Scanpix / LETA
Жанубий Африканинг Крюгерсдорп шаҳри атрофидаги аҳоли ноқонуний олтин изловчилар гуруҳини ечинтириб, уларни қийноққа солмоқда, 2022 йил 4 август. Бу можаро ушбу шахслар мазкур ҳудудда саккиз аёлни зўрлаганликда гумон қилингани туфайли келиб чиққанди.
Denis Farrell / AP / Scanpix / LETA
Михаил Горбачёв билан видолашув маросими ўтказилган Иттифоқчилар уйидаги зал деворида илинган портрет, 2022 йил 3 сентябр. СССРнинг биринчи ва охирги президентига ҳурмат бажо келтириш учун бу ерга юзлаб кишилар ташриф буюради. Владимир Путин тиғиз графикни сабаб қилиб кўрсатган ҳолда, маросимга келмайди.
Евгения Новоженина / Reuters / Scanpix / LETA
Кобулдаги турар жойлардан бирида фаолият кўрсатаётган яширин мактаблардан бирининг ўқувчиси, 2022 йил 30 июл. «Толибон» ҳаракати вакиллари берган ваъдаларга қарамай, Афғонистонда ўтган йили ўрта ва катта синф ўқувчилари мактабда ўқишига рухсат берилмади. Бундан ташқари, йил охирида аёлларнинг олий таълим олишига ҳам тақиқ қўйилди — мамлакат аёллари энди университетларда ўқиши мумкин эмас.
Ebrahim Noroozi / AP / Scanpix / LETA
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис ва Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Украина президенти Володимир Зеленскийнинг АҚШ конгрессидаги чиқиши чоғида Бахмут атрофида жанг қилаётган Украина ҳарбийлари имзолари чекилган байроқни тутиб туришибди, 2022 йил 21 декабр. Вашингтонга ташриф украинлар етакчисининг 24 февралдан буён илк бор хорижга чиқиши эди. Зеленский АҚШ президенти Жо Байдендан қўллаб-қувватлов давом эттирилиши бўйича кафолат олди.
Carolyn Kaster / AP / Scanpix / LETA
Маҳса Аминийнинг ўлдирилишига 40 кун бўлган кунда у дафн этилган қабристон томон ҳаракатланган намойишчилар автоколоннаси. Машиналардан бирида боши ҳижоб билан ўралмаган аёл турибди, бу сурат 2022 йил 22 октябрида олинган. 22 ёшли Аминий ҳижобни тўғри ўрамагани учун қўлга олиниб, полиция маҳкамасига олиб кетилганида бошидан олинган оғир жароҳатлардан вафот этганди. У Эронда намойишларнинг янги тўлқини рамзига айланди, унинг иштирокчилари амалдаги режим томонидан қатағон этилмоқда — фаоллардан бир неча нафари қатл этилди, яна ўнлаб маҳбуслар ўлим ҳукми ижро этилишини кутмоқда.
AFP / Scanpix / LETA
Уруш вақтида Москва шаҳри ва унинг атрофидаги кўчаларни суратга олган фотограф Александр Гронскийнинг сўзларига кўра, шаҳарда «моҳиятан ҳеч нарса ўзгармаган, аммо амалда барчаси ўзгарган».
Александр Гронский
20 декабр куни Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда Қатардаги жаҳон чемпионатидан қайтган футбол бўйича миллий жамоани шундай кутиб олишди. Аргентина ушбу турнирда ғалаба қозонди — бу 36 йил ичидаги илк чемпионлик бўлди. Футболчилар қайтган кун мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинди, Буэнос-Айрес кўчаларига тўрт миллиондан ортиқ киши чиқди.
Tomas Cuesta / AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид