Жаҳон | 23:00 / 10.01.2023
6282
2 дақиқада ўқилади

CNN: Россиянинг Украинани ўққа тутиш жадаллиги кескин пасайди

Бу қурол етишмаслиги ёки тактиканинг ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

Фото: Dimitar Dilkoff/AFP/Getty Images

Урушнинг ўн биринчи ойида Россия армияси томонидан Украинани артиллерия қуролларидан ўққа тутиш жадаллиги сезиларли даражада пасайди, баъзи ҳудудларда 75 фоизгача. Бу ҳақда CNN Украина ва Америка расмийларига таяниб хабар берди. 

Телеканал суҳбатдошларининг айтишича, Россия қуролли кучлари ҳозирда Украина ҳудудини кунига беш минг марта ўққа тутмоқда, аввал бу рақамлар 20 мингга яқин бўлган. Украина манбаларига кўра, Россия аввалги 60 минг ўрнига кунига 20 минг снаряд отяпти. 

CNN манбалари ўққа тутиш жадаллиги пасайишига нима сабаб бўлганини аниқ айтолмаган. Бир тахминга кўра, Россия армияси қуроллар етишмаслиги туфайли снарядларни тежаяпти, бошқа тахминга кўра, Украина Қуролли Кучларининг муваффақиятли қарши ҳужумлари фонида тактикани ўзгартирмоқда. 

АҚШ расмийлари тактиканинг ўзгаришини октябр ойида Украинадаги Россия қўшинларининг қўшма гуруҳига қўмондон қилиб тайинланган генерал Сергей Суровикин билан боғлайди. Қўшма Штатлар фикрига кўра, Суровикин бу лавозимда ўзидан олдингиларга қараганда кўпроқ билим ва тажрибага эга. 

Америка манбалари, шунингдек, Россия илгари баллистик ва қанотли ракеталар каби аниқ қуроллар танқислигини бошдан кечирган бўлса, энди оддий қуроллар ҳам танқис бўлаётганини айтмоқда. 

Шу билан бирга, баъзи йўналишларда оммавий ўққа тутишлар давом этяпти: масалан, Бахмут, Кременная ва Херсонда. 

Украина армияси, деб ёзади CNN, уруш бошланганидан бери ўқ-дориларни тежашга мажбур. Ўз захираларини тезда ишлатиб бўлган Украина Ғарб таъминотига таянмоқда. Украина Қуролли Кучлари кунига ўртача 4-7 мингта ўқ отяпти.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид