Ўзбекистон | 18:08 / 15.01.2023
25504
5 дақиқада ўқилади

Бухороликлар туристик мажмуа қурилишидан нега норози бўлишди? 

Бухоро шаҳар маркази бузилиб туристик мажмуа қурилиши маълум бўлгач, бундан бухороликлар норози бўлди. 14 январ куни қурилиш вазири Бухорога боришига тўғри келди – лекин унинг иштирокидаги матбуот анжуманида мажмуа қаерда қурилиши, марказ бузилиш бузилмаслигига аниқлик киритилмади.

Ҳукуматнинг дастлабки режаларига кўра, Бухоро шаҳри марказидаги 29 та объект бузилиб, 32,6 гектар ҳудудда туристик мажмуа қурилиши керак эди. Бухороликлар бундан норозилигини билдирди, ОАВ ва жамоатчилик муаммога эътибор қаратди.

14 январ куни қурилиш вазири Ботир Зокиров ва вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухорода матбуот анжумани ўтказди. Kun.uz мухбири анжуманда иштирок этиб, масъуллар ва аҳоли томонидан билдирилган фикрларни, муҳим саволларга жавобларни жамлади.  

Даставвал Бухоро вилояти ҳокими марказдаги «снос» масаласига изоҳ берди, режага кўра бузиладиган объектларнинг 11 таси тадбиркорларнинг мулки ҳисобланишини айтди.

«Бу ерда 11 та объект хусусий тадбиркорларнинг бинолари давлат манфаатлари учун олинади, рози бўлса. Агар рози бўлмаса биз таклиф берамиз. Қанақадир олдинги объектларга ўхшаб оддий фуқароларга зарар етмайди. Ҳокимиятчи дерсиз, менга бунча катта ҳокимият керак. Бунақа жойларни кўпайтирсак, турист кўпаяди», – деди у.  

Шундан кейин қурилиш вазири Ботир Зокиров Бухоронинг тарихий маркази ичида супермаркет ва машиналар тураргоҳлари қуриб бўлмаслиги, шунинг учун бундай жойларни Бухоронинг янги туристик марказида қуриш кераклигини айтди.

Вазир ЮНЕСКО билан келишмасдан битта ҳам «мих қоқилмаслиги»ни айтди. Унинг таъкидлашича, лойиҳа таклифи ишлаб чиқилиб, феврал ойида аҳоли муҳокамасига чиқарилади. 

Аввалроқ Kun.uz сайтида ЮНЕСКО Бухоро туризм марказини қуриш учун танланган жой Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашгани, шу сабабли лойиҳани қўллаб-қувватламагани ҳақида ёзилган эди.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади бу лойиҳани Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасидан 1,8 км узоқликдаги, «Гулчорбоғ» МФЙ Қалқон кўчаси ёқасидаги ер майдонида қуриш мақсадга мувофиқлигини таклиф қилган. 

Бироқ негадир анжуманда масъуллар бу ҳақда сўз очмади. Kun.uz’нинг бу ҳақдаги саволига жавобан қурилиш вазири «битта гапни қайта-қайта айтмаслик, лойиҳа келишилиши»ни айтди.  

Нега Enter Engineering? 

Бухоро туризм маркази қурилишига инвестор сифатида танлаб олинган Enter Engineering компанияси борасидаги масала жамоатчиликда саволлар ва шубҳа-гумонлар туғдирмоқда. Қурилиш вазири бу компания бухороликларга «бегона» эмаслигини айтди. 

«Enter Engineering сизнинг вилоятингизда ҳам ишлаяпти. Сизларга бегона ташкилот эмас. Улар Самарқанд туризм объектини барпо қилди, тажрибаси бор. Бир нарсани айтаман: Самарқанд тарихида олдинги лойиҳани Хитой ҳам қилди, аммо Enter Engineering ўзи лойиҳаси билан проектни қилди. У ерда ҳам лотлар бўлди. Самарқандда [лойиҳани] олувчилар бўлмагандан кейин ўзи олишга мажбур бўлди», – деди вазир 

Масъуллардан Enter Engineering компанияси борасида жамоатчиликка очиқ маълумот бериш лозимлиги, унга қачон ва ким томонидан ҳукуматнинг йирик лойиҳалари берилгани, унинг ишлари қанчалик самарали – ҳаммаси халққа очиқланиши кераклиги сўралди.  

Анжуманда бухороликлар томонидан янграган айрим фикрлар:

«Бухорода аҳолининг нимадир бузиб қайта қурилишига ишончи қолмаган. Тилла бозор, Bukhara city ва бошқа бозорлар шу жумладан. Тез бузилиб, тез қурилиш бошланмаяпти. Аҳолининг қурилиш тез бўлишига ишончи қолмаган».

«Пандемия аҳолининг саломатлигига шундоқ ҳам салбий таъсир қилди. Янги лойиҳангиз бўйича янги оқим чанг, дарахтлар кесилиши - яна бир экологик муаммо. Бундан кейин аҳолининг соғлиғи яна йўқолади. Шуни ҳисобга олиб лойиҳани бошқа жойга кўчиришингизни сўрайман. Сиз айтгандек, 5 миллион турист оқими мендан, ёнимдаги одамдан, сиз ва қариндошларингизнинг соғлиғидан устун бўлса, бемалол қураверинг».

«Савол Ботир Зариповга: уйимизда ҳар икки соатда свет ўчиб ёняпти. Буларни тузатмасдан қанақасига шаҳарда қурилиш қилиш мумкин? Шу пулларга нега свет-газ тузатилмайди. Сизга ҳокимият керак бўлмаса, шундоқ қолсин; стадион бор-ку, нега янги қуриш керак. Фақат пулини ўйламанг – бу бизнинг тарихимиз, ёшлигимиз ўтган жой».  

«Бухорода 32 минг аҳоли бўлса, битта стадион бор. Бизда югурадиган жой йўқ. Ҳарбийлар шу ерда норматив топширади. Туризм керак, тўғри. Туристлар ҳам ўша стадионга бориб югуради. Агар бузсангиз ҳам янги стадион қуриб бериб, кейин бузинг».

«Қанақа туризм Бухорода? Сув йўқ, экология бузилиб кетган. Бир вақтлар Бухородан чанг билан акация ҳиди келарди, ҳозир чанг билан мазут ҳиди келади. Яна қурилиш билан баттар бўлади. Туризм дейсизлар, бизда дарахт йўқ, аммо сунъий палмалар бор».

Мадина Очилова тайёрлади.

Оператор ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид